Арипов ва Низомиддинов Президентнинг топшириғини қачон бажаради?
Жамият
−
04 Август 2019
16673Президент тўғри айтди: “снос” бугунги ислоҳотлар даврида Ўзбекистоннинг юзидаги навбатдаги доғ бўлди. Мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, пахта каби муаммолардан эндигина қутулиб, қаддимизни тутишни бошлаганимизда, ҳокимларнинг манманлиги, халқ дардидан узилиб қолиши оқибатида дунёга яна бир шармандали ҳолат билан юзландик.
Кеча, 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қарата айтган танқидий гаплари ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалди. Давлат раҳбари улар халқдан узр сўраши, қилган хатоси учун жавоб бериши кераклигини айтди ва буни қандай амалга ошириш бўйича ҳам аниқ топшириқ берди.
“Бутун элга айтсин: Ўзбекистонни ундай деб ўйламанглар, мен аҳмоқлик қилганман, мен хиёнат қилганман, деб. Миллат эмас, мамлакат эмас, давлат эмас, деб. Керак бўлса ўша блогерларни йиғсин, блогерларга ўзлари ҳисобот беришсин”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Бугун, 4 август интернетда валломатлар – Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев гўёки Президентнинг айтганини бажариб, халқдан узр сўраб чиқди. Кулгулиси Рўзиевнинг атрофида халқ эмас, унинг ходимларини кўриш мумкин. У халқдан узр сўраганми ё ходимларига эртак айтган?
Бу ҳам майли. Давлат раҳбари селлектор йиғилишида кимнидир ишдан олиб, жавобгарликка тортиш керак бўлса, адвокатлар пайдо бўлиб қолишини алоҳида қайд этганди. Гўё бундай ҳодиса яна Президентнинг ҳокимларни ишдан олиб билан боғлиқ топшириғига келганда ҳам давом этаётгандек.
Президент Мирзиёев йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга ва Президент Администрацияси раиси Зайнилобиддин Низомиддиновга “Бу масалалар ҳали тинчигани йўқ. Шунинг учун Арипов ва Низомиддиновга топшириқ: қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф берасизлар”, деган эди. Бу шунчаки гап эмас, балки бўлиб ўтган ишларни босди-босди қилиб юбормасликнинг аниқ йўли эди. Орадан вақт ўтди, бу орада икки ҳоким узр сўраб чиқди. Учинчиси, кечаги аудионутқдан ҳамон ўзига келмаган кўринади.
Хўш, Ҳукумат раиси Арипов ва Президент Администрацияси Низомиддинов Президентга қайси ҳокимни лавозимидан озод этиш бўйича қачон таклиф киритади? Темирни қизиғида босиш керак эмасми? Уларнинг айби, хатосини топиш учун ойлаб тафтиш ўтказиш, тергов ва суриштирув қилиш шарт эмас. Ҳаммаси халқнинг кўз ўнгида. Хатолар Ашхободда қурилган чодирлар, риштонликларнинг оҳу нолалари, ёқиб юборилган яккабоғлик ҳоким мисолида аниқ ва равшан. Ҳокимларнинг адвокатлари ишга тушмасидан, Президентнинг топшириғи бажарилишини, айбдорлар айбига яраша жазосини олишини халқ кутяпти, биз ҳам кутяпмиз.
Дарвоқе. собиқ Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевни эсласангиз керак. У ҳоким ўринбосарларини ариққа туширгани мажбурий меҳнат сифатида баҳоланиб, лавозимидан озод этилганди. Ҳолбуки, унинг хатти-ҳаракатидан 4-5 киши зарар кўрганди, бутун маҳалла, бутун туман ё бутун вилоят эмас. Одамларнинг гулдек уйини, қозонини қайнатиб турган бизнесини бузганларнинг Мирзаевдан нима ортиқ жойи бор?