Қимматбаҳо машина эгалари стикер олиб бўлишини кутяпмиз – Express 24 эгаси стикер ололмаётганидан норози
Жамият
−
01 Апрель 2020
8730Ўзбекистонда тайёр овқат ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланувчи Express 24 компанияси ҳозиргача автомобилда ҳаракатланишга рухсат берувчи махсус стикер ололмаган. Бу ҳақда компания асосчиси Акмал Паизиев маълум қилди.
Паизиев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳануз стикер берилмагани, шу сабабдан мижозларнинг буюртмалари кечикаётганини айтиб пост қолдирди.
“Ҳурматли мижозлар, Express 24 га берган буюртмаларингиз кечикаётгани учун кечиринг. Биз мамлакатда овқат ва маҳсулотлар етказиб берувчи энг йирик компания бўла туриб ҳали бирорта ҳам стикер ололмадик. Биз қимматбаҳо машина эгалари стикер олиб бўлишини кутяпмиз”, деган Паизиев.
У ўз обуначиларидан бу масалада ёрдам бериши мумкин бўлган одамларни белгилашни илтимос қилган. Унинг бу пости остида Давлат хизматлари агентлиги расмий саҳифаси жавоб қайтариб, тадбиркорнинг ариза рақамини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди. Элтиб бериш хизмати кўрсатувчи компанияларга стикер берилиши белгиланган.
LiveБарчаси