Энди инвестиция дастури ва давлат бюджети параметрлари 3 йиллик қабул қилинади
Жамият
−
01 Сентябрь 2019
3804Бундан буён Ўзбекистонда инвестиция дастури ҳам, мамлакат бюджети параметрлари ҳам уч йил учун қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 31 август куни Кўксарой қароргоҳида давлат мукофотларини топшириш муносабати билан ташкил этилган маросимда маълум қилди.
“Иқтисодни тушунган одам билади, бир йиллик бюджет бўлиши мумкин эмас. Иқтисодиётимизга жуда катта таъсир ўтказаётган омиллар борми ё йўқми? Албатта, бор. Дунё шиддат билан олдинга кетаётган даврда албатта таъсири жуда катта”.
Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, давлат бюджетини келажак уч йил учун қабул қилиш сабаблари, унинг мақсад ва вазифаларига тўхталди.
“Бюджетни агар уч йил учун қабул қилсак, айниқса, ижтимоий соҳаларнинг қаерларига биз чуқурроқ эътибор беришимиз керак, одамлар қачон рози бўлишини инобатга олиб, халқимизга айтамиз”.
Шавкат Мирзиёев бу ишларни амалга оширишда халқнинг фикри албатта инобатга олиниши, уларнинг манфаати биринчи ўринга қўйилиши, ҳар бир фармон, ҳар бир қарор одамлар билан бамаслаҳат ишлаб чиқилишини айтди.
“Қўйган ҳар бир қадамимиз, ҳар бир қабул қилган қарорларимиз одамларга манфаат етказяптими? Ҳар бир қарор ва фармоним сизлар билан бамаслаҳат бўляпти. Бошқа давлатлар ҳам мана шундай демократик жараёнларни бошлаганида халқ билан раҳбарият ўртасида бундай мулоқот ҳеч қачон бўлган эмас. Албатта, бу йўналишда ҳам камчиликлар бор. Одамларни эшитишни ўрганяпмиз. Одамлар эшитиш имкони бўлгани учун рози бўляпти. Ана шу нарса агар қонимизга сингиб, биз халқимизга муносиб бўлиб, одамлар айтган нарсани инобатга олсак, режамиз тўғри бўлади”, дейди Президент.
LiveБарчаси