Сармишсой — қоятошга битилган тарих
Бу қизиқ
−
24 Апрель 2019
10622Юртимиз сир-синоатли қадамжолар, обидаларга бой. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида очиқ осмон остидаги музей — Сармишсой дараси ўзининг қояга ўйиб ишланган қадимий тасвирлари билан машҳур.
Сармишсой ҳақида кўп эшитгандирсиз. Аммо ушбу маконга қилган саёҳатим давомида олган таассуротларни бошқача ракурсда баён этишни ният қилганман.
Дарага қараб кетаверишда мана бундай йўл кўрсатгичига гувоҳ бўласиз.
Атроф баланд қояли тоғлар билан ўралган баҳово маскан – Сармишсой дараси ўзининг сирлилиги, тарихининг қояларга битилган тасвирлар орқали шивирлаши билан ўзига чорлайди.
Қўлда фотоаппарат, қоялардаги петроглифларни томоша қилиб тасвирга олиб борарканман айни тушлик палласи яқинлашиб қолган, қуёш тафтида куйдургудек. Бир пас соялайман. Адирга яқин жойда чўпонлар ошён тутган қайрағочнинг соясига шошиламан. Ҳайрият-е, сояга етиб олдим. Чўпон менга қизиқинқираб, сайёҳмисиз дегандай қараб тураверди.
Салом-аликдан кейин бу қоятошлар қаърига сингиб кетган сиру жавоҳирлар ҳақида кўпроқ билгим келаётганлигини айтдим. Ўзини Қутлуғмурод деб таништирган чўпоннинг айтганлари эса ҳайратимни ошириб юборди.
– Ука, бу ерга биринчи бор келишингми дейман, – деб сўз бошлади Қутлуғмурод ака унга тикилиб турганимни кўриб. Бошимни силкитдим. Мажолим қолмагандида. Қулоқларимни динг қилиб чўпоннинг гапларини тинглаб ўтирардим.
– Болалагимдан бу ерларда чўпонлик қиламан, ота касбда, – дейди мамнунлик билан Қутлуғмурод ака. – Эсимни таниганимдан буён олимлар бу ерга тез-тез келиб туришади. Уларни орасида чет элликлариям кўп бўлган. Бир икки марта қизиқиб сўраганимда бу қояларда 10 мингдан ортиқ тасвирлар борлигини айтиб қолишди. Лекин мен бунга ишонмадим. Сармишсойда бунақа қоятасвирлар 20 мингдан ҳам кўп бўлса керагов.
Чўпоннинг айтганларида ҳам жон бордек. Ўз кўзим билан кўрганларимчи! Кўз илғамас петроглифларнинг бир қанчасини санаб ташладим. Ҳеч бири такрорланмайди. Маҳоратли рассом томонидан ўйиб чизилгандек турибди.
Чўпоннинг айтишича, тошларга ўйиб чизилган расмларнинг барчасини бир қарашда илғаб олиш мушкул эмиш. Тонгда, тушлик вақти ва қуёш ботаётганидагина кўринадиган тасвирлар бор экан. Баъзи тасвирлар фақатгина ёмғирли кунда кўзга ташланиши ҳақида илк бор эшитишим. Менимча сиз ҳам. Буни синаб кўриш фикри ҳаёлимдан ўтди.
Кўзига ҳайрат билан тикилиб турганимни кўрган Қутлуғмурод ака юринг ҳозир кўрасиз, дегандек қоя томонга кетаверди. Ортидан эргашдим. Бир қоя олдига бориб, қаранг нимани кўряпсиз, дея сўради. Мен эса ҳеч нима дегандай серрайиб қолдим. Қўлидаги мешини очиб, бир ҳовуч сувни қояга сепди. Яқинроқдан қарангчи, дея олдига имлади.
Мўъжиза!!! Сув сепилгандан кейин пайдо бўлган тасвирни кўриб, оғзим ланг очилиб қолди. Сумкадан фотоаппаратни олдиму, сиз ҳозир кўриб турган тасвирларни суратга олдим.
Қоятошларга ўйиб ишланган расмлар олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, бундан қарийб 5-7 минг йил илгари бу ерда уй ҳайвонларини хонакилаштириб, ўтроқ яшаган аҳоли томонидан чизилганлиги аниқланган.
Чўпон билан суҳбатимиз чўзилгандан чўзилди. Қутлуғмурод аканинг бу ерда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Марказий Осиё кобраси, кўлвор илон, сариқ илон кўп бўлиши ҳақидаги гапидан кейин бироз мизғиб олсаммикан, деган фикримдан қайтдим.
Қуёш тафти бироз сусайди, осмонда оппоқ булутлар пайдо бўлди. Дам олиш ниҳоялаб, секин дара бўйлаб саёҳатимни давом эттирдим.
Даранинг нариги томонига ушбу мўъжаз кўприкдан ўтишга тўғри келди.
Қоятошлар бўйлаб юрарканман, бир пайтлар бу ерда ҳаёт қайнагани, санъат ва маданият инсонларга завқ ва шавқ бағишлаганини ҳис этаман. Кўз олдимда намоён бўлган буқалар, тўнғиз, тоғ архари ва эчкилари ҳамда камонли овчилар суратлари бу замин аҳолисининг ақл-заковатининг теранлигидан далолат бериб турибди.
Қулоқларимга овчиларнинг ов жараёнини бошлаш арафасидаги қичқириқлари, ҳайвонларнинг ҳар томонга қараб чопаётгани эшитилгандай бўлади. Ким учундир бу тошлар ҳеч нарсани англатмас, аммо билганим аждодларимиз ўзларининг юксак бадиий диди, маҳорати ва заковати ила бу тошларга жон бахшида этгандек.
Шу ўринда бир фактни келтириб ўтишни жоиз деб билдим. Бир қатор олимларнинг олиб борган изланишларига кўра, йигирма километрдан ошиқ дарада 200 дан ортиқ археологик маскан топилган.
Қоятошларга чизилган расмларни ўрганиб борарканман, бу ернинг флора олами жуда бой эканига гувоҳ бўлдим. Айтишларича, бу ерда 650 турдан ортиқ ноёб доривор ўсимлик турлари мавжуд экан.
Атроф жуда гўзал. Қир-адирлар яшилга бурканган. Сармишсой дарасига бир неча километр ичкари кириб кетганимни оёқларимдаги чарчоқдан сездим. Қуёш секин-аста ботиб, чор тараф сокинликка чўка бошлаган пайт сафарим ўз якунига етиб бораётганини сездим. Ортимга қайтарканман сирли масканга қайта-қайта ташриф буюришни қалбимга тугдим.
Сафарим давомида бир нарса хафсаламни пир қилди. Негадир Сармишсойда сайёҳлар кам. Ҳозир айни туризм мавсуми эканлигини инобатга олсак, бор йўғи 10-15 одамга кўзим тушди, холос. Уларнинг ҳам аксари шу ерлик аҳоли. Аслида, Ўзбекистоннинг қадим тарихидан сўзлагувчи бу маскан юрдошларимизу, хорижлик сайёҳлар билан тўлиб тошиши керак эмасми. Интернетни ковлаганимда асосан бир хил мазмундаги энциклопедик маълумотлар ва саноқли мақолага дуч келдим. Менимча булар жуда-жуда кам. Ўйлайманки, келгусида туризм соҳаси ходимлари ушбу масканга медиа-турлар ташкил этиб, унинг довруғини янада қулоч ёйиши, ҳудуднинг энг қайноқ туристик марказига айланишида ташаббусларни илгари суради.
Сармишсой дараси узра ястаниб ётган тарих ҳақида бугун кўрган, эшитган ҳамда билганларимдан барча хабардор бўлишлари учун саёҳатим бир сабабчи бўла олишига ишонаман.
Сармишсой ҳақидаги фактлар:
Инсониятнинг илк манзилгоҳларидан бири саналган Сармишсой қоятасвирлари милоддан аввалги 4-1минг йилликка ва ундан кейинги даврларга тегишли.
“Сармиш” табиат боғи деб эълон қилинган ушбу тарихий мероснинг умумий майдони 5000 гектарни ташкил этади.
Сармишсой 2009 йил 14 июлда табиий археологик музей комплекси-қўриқхонасига айлантирилди.
Сармишсой ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос объекти рўйхатига киритилган.
Бу ерда ўсимликларнинг 62 оилага мансуб 650 тури учрайди.
Бу мажмуа 1966 йилдан бери олимлар томонидан тадқиқ этилмоқда.
Олимлар бу ерда одамлар палеолит давридан (300 минг йилдан 15 минг йилгача) яшай бошлаган, деган фикрни инкор этмайди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь