Эрдўған Мурсийнинг дафн маросимига оиласи киритилмаганини қоралади

Олам

image

Жорий йилнинг 17 июнь куни Миср Араб Республикасининг собиқ Президенти Муҳаммад Мурсий 67 ёшида вафот этган эди. 

У ўзига нисбатан кўрилаётган жиноят иши бўйича суд мажлисида қатнаша туриб ҳушидан кетган ва оламдан кўз юмган.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Мурсийнинг вафоти ҳақида гапирди. 

“Мисрнинг сайлов йўли билан танланган Президенти Муҳаммад Мурсий суд залида қийналиб вафот этиши ва дафн маросимига, ҳатто, оиласининг қатнашишига изн берилмагани – ичимизда қонаган бир ярадир”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған. 

Мурсий 2011-2013 йилларда Миср Президенти сифатида фаолият юритган ва мамлакатда вужудга келган нотинч вазият, ҳарбийлар томонидан Ҳукуматга қарши кўтарилган қўзғалонда ҳокимиятдан ағдарилган.

У лавозимидан ағдарилгач, жосусликда ва Фаластиндаги ҲАМАС ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” террористик ташкилотлари билан алоқа қилганликда айбланиб, жиноят иши очилди.  

Муҳаммад Мурсий мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган илк президенти саналиб, у ислом дунёсида ҳам мартабали йўлбошчилардан бири сифатида эътироф этилган. Мурсийнинг ҳокимиятдан куч тизимлари сабаб ағдарилиши мамлакат аҳолиси орасида катта норозиликни келтириб чиқарган. Президент лавозимини Мурсийдан кейин Мудофаа вазири сифатида фаолият юритган Абдул-Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сиси эгаллади. 

Мисрда рўй берган давлат тўнтаришидан сўнг, тинч аҳоли вакиллари намойишга чиқди. Улар дунё ҳамжамиятининг эътиборини Мисрга қаратиш учун намойишлар тимсоли сифатида қўлнинг тўрт бармоқли кўринишини танладилар.  Бу эса намойишларда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда оммалаштирилди.

Мисрда собиқ Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиши Робия Ал-Адавия майдонида ўтказилган. Робия эса араб тилида “тўртинчи” деган маънони англатади. Мурсий эса мамлакатни бошқарган тўртинчи Президент эди. Шу боис намойишчилар бош бармоқларини букиб, қолганларини кўтарган ҳолатда акция ўтказдилар. Интернетда, хусусан Twitter’да #R4BIA хэштеглари пайдо бўлди.  Биргина Instagram’да эса ушбу ҳэштег билан 50 мингга яқин хабар қолдирилган.

Робия Ал-Адавия VIII асрда Яқин шарқда, ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшаган бўлиб, у оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Робия тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири эди. Робия болалигини қулликда ўтказади ва қочоқликдан сўнг озод бўлади. У Мисрда озодлик тимсоли сифатида тарихда қолган ва тасаввуфда Робия Адавия йўналишига асос солган.

Ўша вақтларда Мурсийни қўллаб-қувватлаб тўрт бармоқли ишорадан фойдаланганлар орасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Муҳаммад Мурсий

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг