... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Қайнонангизни кўмган гўрковдан “справка” қани ёхуд бюрократияга қачон чек қўямиз?


18:04, 08.11.2017 Жамият
 9 718

...бошлиқ пахтада, эртага келинг, демаганмиди? Таажжуб, маълумотномада муҳр ҳам, имзо ҳам бор! Ё бу “ғамхўр” аёл муҳр ва имзо қўйдиргани пахта даласига бориб келдимикин?!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимини эгаллаганидан сўнг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларни халққа яқинлаштириш, халқ давлат идоралари учун эмас, аксинча, давлат идоралари халқ учун ишлашини таъминлаш бўлди.
 
2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиши мазмун-моҳиятида ҳам ана шу улуғ мақсад ётибди. Бироқ бу мақсадни ким англаб етди-ю, ким эса йўқ. Аслида давлат ё хусусий ташкилот деган нарсанинг ўзи йўқ. Эшиги халқ учун очилган, одамлар билан мулоқотни ўртага қўйган ташкилот борки, унинг асосий вазифаси одамлар мушкулини осон қилиш, муаммосига ечим топиш, инсон омили саналган ҳаётий эҳтиёжларини қондиришдан иборатдир. У хоҳ бадавлат тадбиркор, хоҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож киши бўлсин, ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳақли аъзоси ва яратилган шарт-шароитдан фойдаланишга тўлақонли ҳақли.
 
Бугунгача бирор ташкилотга ишимиз тушса, ўзимизнинг ишимиз қайси тартиб асосида битишини ўрганиш ўрнига ўша ташкилотдан “таниш-билиш” ахтаришга киришар эдик. Тўғри, бундай ҳолатлар бугун ҳам учраб турибди, бироқ яратилган шарт-шароит, ўрнатилган янги тартиблар, ташкилотларнинг масъуллари сергак тортиши натижасида ишимиз енгиллашгандек.


 
Жуда бўлмаса портални рўкач қиламиз, ё нотўғрими?
 
Бироқ бу рўкач қилишлар бугун ўз кучини кўрсатяптими? Қайсидир қонун ёки жамиятга ўрнатилган янги тартиб, ишонч телефонини дастак қилиб кўрсатиш ўз йўлига. Хўш, ишимиз тушган, эшигини тақиллатган идорамиз масъуллари бўлаётган ўзгаришлардан хабардорми? Ё улар ҳамон ўша эски тизим билан ишлаб, куни ўтганига шукур қиляптими?
 
Нима учун “портал”ни ва ишонч телефонини рўкач қилган, ҳақ-ҳуқуқини билган кишига паст келинади-ю, андиша қилиб, овоз кўтармаганга бошқача муносабатда бўлинади?! Бу шикоятпарастлик ва андишасизлик тегирмонига сув қуймайдими?
 
Биз буни осмондан олиб айтаётганимиз йўқ. Ҳаммаси сизу биз яшаб турган шу жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар. Керак бўлса, булар ҳақида ҳар куни эшитамиз, ишимиз тушса, дуч келамиз!
 
Нотураржой олди-сотдиси учун камида 7 “справка”
 
Яқинда кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ ишлар ўзимнинг бошимга тушиб, бир неча давлат идораларига маълумотнома сўраб боришимга тўғри келди. Мазкур кўчмас мулким Юнусобод туманида жойлашгани учун туманидаги 1-сонли Нотариал идорага мурожаат қилдим.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 февралдаги “Идоралараро электрон ўзаро алоқани қўллаш билан битимларнинг нотариал гувоҳномасини тартибга солишни такомиллаштириш бўйича чоралар тўғрисида”ги 106-сон қарорига мувофиқ, кўчмас мулк битимларининг нотариал гувоҳномасини тайёрлашда идоралараро электрон алоқа тизимини қўллаш амалиёти йўлга қўйилган эди. “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиши натижасида фуқаролар коммунал корхонадан коммунал хизматлар бўйича қарздорликнинг йўқлиги, кадастр органларидан мулкни бошқариш ҳуқуқи ва ушбу кўчмас мулкни сотиш мумкин эмаслиги бўйича хатловнинг йўқлиги, паспорт столи ёки фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари (маҳалла)дан яшовчи шахслар миқдори, солиқ органларидан солиқ тўловлари бўйича қарзларнинг йўқлиги тўғрисидаги ва қоғоз-маълумотларни йиғиш дардидан фориғ бўлган эдилар.
 
Бироқ бу хизмат ҳозирча фақатгина турай-жой биноларига амал қилаётгани, дўкон, офис, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари ва шунга ўхшаш бинолар ҳамон эски тартибга кўра нотариал рўйхатдан ўтказилаётгани учун нақ 7 та ташкилотдан “справка” йиғишга тўғри келди. Фақатгина кадастр органларидан мулкни бошқариш ҳуқуқи ва ушбу кўчмас мулкни сотиш мумкин эмаслиги бўйича хатловнинг йўқлиги юзасидан сўров жўнатиш электрон тартибда амалга оширилиши мумкинлиги айтилди.
 
Ўзимнинг гувоҳлигимда Тошкент шаҳар ер тузилиш ва кўчмас мулк давлат кадастри Юнусобод бўлимига Нотариал идора ходимлари томонидан электрон сўров жўнатилди ва жавобан ушбу маълумотнома 6 кундан кейин юборилиши маълум қилинди. (!) Нақадар тезлик ва нақадар енгиллик! Электрон тартибда сўровнинг жавобини 6 кунда олинса, шахсан мурожаат қилганимда оддий “справка”ни бериш қанчага чўзиларкин а?
 
Юнусобод туманидаги 1-сонли нотариал идора ходимлари қайси ташкилотлардан маълумотнома кераклиги ҳақидаги рўйхатни қўлимга тутқазишди. Унда қуйидаги ташкилотлардан маълумотномалар олиш ёзилган эди:
 
  • Юнусобод тумани Газ таъминоти акциядорлик жамиятидан менга тегишли бинога газ ўрнатилмагани ҳақида маълумотнома;
 
  • Юнусобод тумани Марказий телефон боғламасидан телефондан қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома;
 
  • Юнусобод тумани Электр тармоқлари бошқармасидан электр симлари тўғри улангани ва қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома;
 
  • Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармасидан кўча номи ўзгаргани ҳақида маълумотнома;
 
  • Юнусобод тумани Сувсоз трестидан қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома;
 
  • Юнусобод тумани Солиқ бошқармасидан ер ва мол-мулк солиғидан қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома.
 
Газ борлиги эмас, йўқлиги ҳақида маълумотнома керак
 
Нотариал идора ходимларининг кўрсатган йўл-йўриқлари, маслаҳатлари билан бошқа ташкилотларда ҳам ишим осон битса керак, деб ўйладим. Афсуски, бундай бўлмади...
 
Амалга оширилаётган ўзгаришлардан Нотариал идора ходимлари сергак тортиб, халқнинг манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлабди-ю юқорида номлари санаб ўтилган ташкилотларга бу ўзгаришларнинг шамоли ҳам етиб бормабди.
 
Биринчи манзилим — Юнусобод тумани Газ таъминоти акциядорлик жамияти бўлди. Бизга юзланган ходим аввалига бугун маълумотнома берадиган кун эмаслигини айтди, сўнг бу бинодан газ умуман ўтмаганига ишонч ҳосил қилгач, ўша бир энлик маълумотномага муҳр босди.


 
“Справка” берадиган ходим байроқ иляпти, индинга келинг...
 
“Газдагилар”га “ташаккур”ни ўрнига қўйиб, кўча номи ўзгаргани ҳақидаги маълумотномани олиш учун туман Ободонлаштириш бошқармасига йўл олдим. Соат 16:30 атрофида эди. Бошқарма ҳовлисида бизни қаршилаган қоровул иш вақти тугаганини, маълумотнома эса душанба, чоршанба ва жума кунлари куннинг биринчи ярмида берилишини айтди.  Мен эса тўғри бино томон йўл олдим. Бошқарма бошлиғи машинасини ўт олдираётиб, бугун маълумотнома бериладиган кун эмаслигини, эртага ҳам эмас, балки индинга келишимни, “справка” берадиган ходим МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан кўчаларга байроқ илдираётганини айтди ва байроқбозлик сабаб эртага ҳам ишда бўлмаслигини рўкач қилди.
 
Табиийки, қонун қоидаларни яхши билганим ва журналистлигимга бориб, маълумотнома бериш кунлари, соатлари қайси тартибга қараб ўрнатилганини сўрадим. Бошқарма бошлиғи жизғанак бўлди, қошини чимирди, телефонини титган бўлди ва “ички тартиб асосида” деб жавоб қайтарди. Орадан кўп ўтмай маълумотнома бериш вазифаси юкланган ходими билан телефон орқали боғланган бошлиқ эртага соат 09:00 да келишимизни айтди.
 
Урганингиз — ур оши, сўкканингиз — сўк оши
 
Йўлимиз Юнусобод тумани Марказий телефон боғланмасига тушди. Маълумотнома олиш учун бошлиқ номига ариза ёзиб қолдирдик. Масъуллар эртага тушликкача келишимизни айтишди. Ҳар ҳолда ариза ёздириб олишди-ку, деб Юнусобод тумани Электр тармоқлари бошқармаси томон чопдик.
 
Бизни “хушмуомалалик” билан кутиб олган аёлга аввалига терс муомала қилганимдан мағрурландим, саломига яраша жавоб олди, дедим. Тўртта эшикка бошимни суқиб, ишим яна шу аёлга тушишини билганимдан кейин мушукдек мулойимланиб, урганингиз — ур оши, сўкканингиз — сўк оши деб туришга ҳам рози бўлдим. Аёл мардлик қилди, терс муомала қилганимга қарамай, ариза қолдиришимни, ишим тезроқ битишини истасам, биномга ўрнатилган электр ҳисоблагични суратга олиб келишимни, унда кўринган рақамларга асосланиб қарздорлик ҳолати аниқлашини, шундан кейингина маълумотнома берилишини айтди.
 
Иш вақти тугагани учун бошқа ташкилотлардан маълумотнома йиғиш ишлари эртага қолди.


 
Кўча номи ўзгаргани ҳақидаги “справка”га маҳалланинг нима дахли бор?
 
Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан соат 09:00 да бино остонасида шай бўлдим. Ахир бир дақиқа кечиксам ҳам маълумотномадан мосуво бўлишим мумкин эди. Не тонгки, на бошлиқдан, на маълумотнома берувчи ходимдан дарак бор. Бошлиқнинг ёрдамчилари, ходимлар маълумотнома берувчи ҳамкасблари байроқ илиш билан бандлигини яна эслатишди. Гўё бу масъулиятли ва шарафли вазифани бошқа одам эплай олмайдигандек... Уларга кўра, байроқбозлик бу ходимга юклатилган қўшимча иш. Маълумотнома ёзишни эса ундан бошқа одам қила олмайди. Чунки Олий маълумотлилар йўқ... Шунга ўхшаш жавоблардан толиқдим.
 
Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаларига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. “Кўчада байроқ иляпти” дейилган ходим 10 дақиқага қолмасдан кириб келди. Қовоғидан қор ёғиб, мен еб у қуруқ қолгандай, ўқрайганча хонаси томонга юрди, отам билан унинг ортидан эргашдик. “Кеча қўнғироқ қилганингизда жума куни эрталаб келинг дегандим, иш вақтим ҳовлида ёзиб қўйилган”, деб ўдағайлади. Мен яна ўша саволни бердим: “Бу иш вақти қайси тартибга кўра белгиланган?”. Жавоб йўқ!
 
Майли, бу кишини ҳам тушуниш керак деб тургандим, “маҳалладан “справка” қани”, деб яна ўдағайлади. “Менга ҳеч ким “справка” олиб келинг деб айтмаган”, десам, “Ким айтиши керак сизга? Иш вақтим ёзилган қоғозга телефон рақамим ва маҳалладан маълумотнома кераклиги ёзиб қўйилган”. Ўзимни зўрға тутдим. Уқувсиз бу ходим менга қандай маълумотнома кераклигини сўрамай туриб, бундай муомала қилаётганидан жаҳлим чиқди. “Аввал сўрамайсизми менга қандай маълумотнома керак? Мен уй-жой учун эмас, нотураржой учун маълумотнома сўраяпман. Бу объект жойлашган кўча номи ўзгаргани ҳақидаги маълумотнома олишим учун мен яшайдиган маҳалладан “справка” нимага керак?!”.
 
Қошини чимириб, бурнини жийирган “олий маълумотли ходим” “шуни эртароқ айтиш керак эди”, деди-ю қайта оғиз очмади...
 
Юнусобод тумани Электр тармоқлари бошқармасидаги кечаги опанинг кайфияти бугун анча яхши, керакли ҳужжатларни олиб боргандик ишимизни ярим соатга қолмай битириб берди. Ҳатто, ҳисоб рақамимдаги қолдиқ пулларни бошқа туманда жойлашган яшаш жойимнинг  электр тармоғи ҳисобига ҳам ўтказиб қўйди. Марказий телефон боғланмасидагилар ҳам маълумотномани айтилган вақтга тайёр қилиб, йўлимга кўз тикиб ўтиришган экан.
 
“Бошлиқ пахтада, имзо қўядиган одам йўқ...”
 
Солиқлардан йил охиригача қарзим йўқлиги ҳақида ўтган ой маълумотнома олгандим, ишим осон битса керак деган ўй билан бошқармага кириб бордим. Пардоз-андозни ўрнига қўйган опалардан бири қўрслик билан эртага келишимни, бошлиқлар пахтага кетганини, муҳр ва имзо қўядиган ҳеч ким йўқлигини айтди. Ободонлаштириш бошқармасида тутган йўлим бу ерда ҳам иш берса ажабмас, деган ҳаёлга бордим. Ҳалиги опахоннинг ёнида телефонимни олиб, ўзимга нотаниш рақамларни теришни бошладим. “Бу ерда телефонда гаплашманг, менга ҳалал беряпсиз”. Мен ҳали телефонда гаплашиш уёқда турсин, рақамни ҳам охиригача териб улгурмагандим. Ортимга ўгирилиб, бир-икки қадам ташлагандим ҳамки, “Ўзи қайси корхона, қани ҳужжатларни берингчи...”
 
Яшавор, журналист!
 
Биргина имо-ишоранг опахонни ҳужжатларингга разм солишга мажбур қилди-я. “Мана, сўрашингизни билиб нусхаларини ҳам олиб келганман, ҳатто, ота-онамнинг ЗАГС қоғозлари, ака-опаларимнинг паспорт нусхалари, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб боришим, жамоат ишларида фаоллигим ҳақида маҳалладан тавсияномам ҳам бор. Бу маълумотнома эса эски, ўтган ой ўзингиз берганингиз, санасини янгилаш керак, халос”. Солиқ бошқармасидагилар ҳам ариза ёздириб қолишди, бир соатдан кейин келишимни сўрашди. Мен эса вақт бекор кетмасин, дея Сувсоз трестига йўл олдим.
 
Саводсиз ходиманинг ҳукмига топширилган 10 кун
 
Асосий бинога кираверишда қаршилаган қоровул аёл маълумотнома олиш учун ташқаридаги ёндош бинога мурожаат қилишимни буюрди. У ердаги бир-биридан “саводли” ходимлар эса аллақандай ариза ёздириб олиб, 10 кундан кейин хабар олишим кераклигини айтишди. Кутишга вақт йўқ, яхшиси бошлиғига учрайман деб, эшик санаб Юнусобод тумани Сувсоз трести раҳбарининг хонасини топдим. Раҳбар жойида йўқ экан. Сувсоздан менга бириктирилган инспекторга қўнғироқ қилдим, у эса тўртинчи қават, йўлакнинг охиридаги хонага учрашимни, қарзим йўқлигини, бу ҳақдаги ҳужжатлар яқиндагина расмийлаштирилгани айтди. Йўлакдан хотиржамлик билан ўтиб борарканман, ёндош бинода ўтирган ходималарнинг “10 кундан кейин хабар олинг”, деган жавоби ўйлантириб қўйди...
 
Наҳот, бу каби ташкилотларда бошбошдоқлик шу қадар урчиган?! Ким нима иш қиляпти, қандай ҳисобот тўлдиряпти, мурожаатларнинг асосий қисми қандайлигини билмаса? Менга ўхшаган қанча одам ҳақ-ноҳақ 10 кунни бир саводсизнинг ҳукмига ишониб топширяпти экан..?
 
Шу ўйлар билан ўша йўлакнинг охиридаги хонага кирдим. Рус миллатига мансуб аёл инспекторим билан гаплашди, компьютерни титкилаган бўлди. Маълумотнома тайёр, фақат бошлиқ муҳр ва имзо қўйиши керак. Бошлиқ эса йўқ, бироз кутиб туринг, деди.
 
15 дақиқа, ярим соат, бир соат... Бошлиқдан дарак йўқ! Мен бироздан кейин келаман деб бинони тарк этдим, солиқ бошқармасига бориб, бояги “ширинсухан” аёлдан қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотномани олдим. Қизиқ, бу аёл бундан икки соат аввал келганиимда бошлиқлар пахтага кетишган, эртага келинг демаганмиди? Маълумотномада муҳр ҳам, имзо ҳам бор. Ё бу “ғамхўр” аёл муҳр ва имзо қўйдиргани пахта даласига бориб келдимикин? Хуллас, маълумотномани олиб яна Сувсоз томон чопдим.
 
Раҳбарнинг ўзи тугул соясидан ҳам дарак йўқ...
 
Тушлик вақти бўлганини пайқамабман. Эшикдан бино ичига кирганимни биламан, қоровул аёл бақириб берса денг. Югуравериб толиққан оёқ қўлимга ҳалиги аёлнинг бақириғидан жон киргандай бўлди. Тушлик тугашини кутдим, соат 14:05 бўлгач, қўрқа-писа бинога бош суқдим. “Кирсам майлими?” Оч қоринга ҳеч нарсани таътимайди деганлари рост экан. Тушликдан сўнг қоровул аёл бирам мулойим бўлиб қолибдики...
 
Бироз кутинг деганига ҳам уч соат бўлди, раҳбар аллақачон келиб, маълумотномани имзолаб бўлгандир деганча тўртинчи қаватга кўтарилдим, ўша йўлак охиридаги хонага кирдим. Қаерда, раҳбарнинг ўзи тугул соясидан ҳам дарак йўқ.
 
Яна қирқ минутни йўлакда ўтказишимга тўғри келди. Яхшиси мен ҳам тушлик қилиб келақолай деб тўртинчи қаватдан биринчи қаватга тушдим. Эшикдан чиқаётиб басавлат, қора костюм-шим кийган кишига кўзим тушди. Шуниси аниқ раҳбар, ана келди... Адашмагандим. У тўртинчи қаватга кўтарилди, хонасига кирди. Мен эса йўлак охиридаги хонадан бояги аёлни чақириб келдим. Биз келгунча раҳбарнинг эшиги олдига турнақатор одам тўпланди, ҳамма турли важлар, ҳужжатлар билан... Ўша басавлат киши котибасига 10 дақиқа ҳеч кимни киритмасликни айтибди. Яна кутдик! Натижаси яхши бўлди, 3 ярим соат деганда маълумотномага муҳр ҳам босилди, имзо ҳам қўйилди.
 
Кейинги манзилимиз Тошкент шаҳар ер тузилиш ва кўчмас мулк давлат кадастри Юнусобод бўлими бўлди. Ҳужжатларни расмийлариш учун барча ташкилотлардан маълумотномалар тайёр экани, бу ташкилотдан ҳам маълумотнома электрон сўров сўраш тизими жорий қилинишидан бир неча кун аввал олинганини маълум қилиб, нотариал идоранинг электрон сўровига жавобни 6 кунга қолдирмай, тезроқ беришларини илтимос қилдик. Улар ҳам барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, сўровимизни қаноатлантирдилар.
 
Икки кунлик хулосам...
 
Битта мол-мулкнинг олди-сотди шартномасини тузиш учун фақат сотувчи томонидан шунча ҳужжат тўпланди. Бунгача тўпланган ҳужжатлар, тўлов маълумотномалари учун ўтган ойда кетказилган вақтни инобатга олмаганда, 7 ташкилотдан маълумотнома олиш учун икки кун вақт кетди. Табиийки, икки кунлик шахсий ишларимдан қолдим. Икки кун тадбирларда иштирок эта олмадим, мақола ёзмадим, жамиятга фойда келтирмадим. Сизнингча, мендек сарсонлар қанча...
 
Мен-ку журналистлигимга бордим, Президент айтганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклигини талаб қилдим. Шунда ҳам ишим икки кунга чўзилди. Лекин ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмай, аллақандай бир парча қоғоз учун ҳам вақтини, ҳам нақдини сарфлаб, эшикма-эшик сарсон бўлаётганлар қанча. Ишим тушган ташкилотларда қанчадан-қанча кексалар, хат-ҳужжатнинг андозасини билмаган отахон-онахонларга кўзим тушди. Инсоф қилиб, уларга чиройли муомалада бўлаётганлар, йўл-йўриқ кўрсатаётганлар бор. Аммо остонада куттириб, оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштираётган, амал курсиси эсанкиратиб қўйган, мансабидан шахсий манфаати йўлида фойдаланаётганлар талайгина.
 
Бугун биз қайси замонда яшаяпмиз? Қайсидир раҳбар пахта даласига кетгани-ю уни деб бошқа ишлар ярим йўлда қоладиган, бошқаси эса соатлаб иш жойига келмаслигига кўз юмадиган даврдами?
 
Ҳар куни ишдан қайтаётиб Вазирлар Маҳкамаси ва қатор вазирликлар, давлат ташкилотлари биноси ёнидан ўтаман. Одамлар уйига бориб, иссиқ овқатини тановвул қилаётган маҳалда ҳам бу бинолардаги чироқлар ёниқ, иш қайнаётган бўлади. Буни туманларда ўтирган раҳбарлар, ходимлар ҳис қиляптимикин? Эртанги режаларга фақат Республика миқёсидаги раҳбарларнинг саъй-ҳаракати билан етиб бўлмаслигини билармикин? Ё ҳамон куним ўтса бўлди, деб ўзимга ўзим хон, кўланкам — майдон қабилида яшаяптими?
 
Бундайлар бугуноқ сергак тортмас экан, улар билан жамиятда катта ўзгаришлар қилиб бўлмайди. Ислоҳотлар — ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар — инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилиши кераклигини тушуниб етиш вақти келди! Бир парча қоғоз, бир энлик маълумотнома деб иш жойларида иш тўхтамаслиги, одамлар сарсон бўлмаслиги керак. 
Қамариддин Шайхов, "Qalampir.uz" сайти раҳбари

Теглар:Нотариус Нотариал идора Справка Маълумотнома 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Маликахон
08:28 09.11.2017

РАХМАТ СИЗГА, ЯХШИЯМ ЙУЛ ЙУРИКНИ БИЛГАН ЖУРНАЛИСТ ЭКАНСИЗ, ОДДИЙ ОДАМНИ КАЙ АХВОЛГА ТУШИШИНИ БИР ТАСАВВУР КИЛИНГ ЭНДИ. КАЙСИ НОТАРИУСГА БОРМАНГ КАТОР КАТОР НАВБАТ, КЕРАК КЕРАКСИЗ ХАММА ИШНИ БИТИШИ УЛАР ОРКАЛИ БУЛИБ БИТАДИГАН ИШ БИР НЕЧА КУНГА ЧУЗИЛАДИГАН БУЛГАНИГА АНЧА БУЛДИКУ!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар