Ўзбекистон иқтисодининг кучли ва кучсиз томонлари
Жамият
−
06 Июль 2019
9166“S&P Global Ratings” агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги қайта баҳоланганини маълум қилди. Унга кўра, мамлакат суверен кредит рейтинги “ВВ-” (“Барқарор” прогнози) даражасида қайд этилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 15-16 май кунлари “S&P Global” рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи бўлиб ўтган. Ташриф доирасида бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтган.
Агентлик келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасининг фискал ва ташқи позициялари кучли бўлиб қолиши, бироқ ушбу кўрсаткичлар тўлов баланси жорий ҳисоб операциясининг салбий сальдоси ва ҳукумат томонидан қарз жалб қилиниши ортидан камайиши мумкинлигига урғу берган.
Шунингдек, агентлик Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг кучли ва кучсиз томонларини санаб ўтган. Хусусан, мамлакат иқтисодиётининг кучли томонлари сифатида:
I. Кучли ташқи кредитор позицияга эга эканлиги ва давлат қарзининг паст даражадалиги (2019 йилда ликвид активларнинг ЯИМга нисбати 22 фоиз ва давлат қарзининг ЯИМга нисбати 21,8 фоиз бўлиши кутилмоқда);
II. Мамлакат аҳолисининг асосий қисми ёшлар эканлиги (аҳолининг 90 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда);
III. ЯИМнинг реал ўсиш суръати барқарор даражада бўлиши таъкидланган.
Мамлакат иқтисодиётининг кучсиз томонлари сифатида эса:
I. Аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги;
II. Мамлакат иқтисодиётининг давлат корхоналарига боғлиқлиги (уларнинг ЯИМдаги улуши жуда катта);
III. Ҳокимиятнинг марказлашганлиги ва унинг қарорлари устидан назоратнинг сустлиги;
IV. Иқтисодиётнинг юқори долларлашуви ва инфляция даражасининг юқорилиги сабабли пул-кредит сиёсати самарадорлигининг пастлиги;
V. Хомашё экспорти ҳажмининг жами экспортдаги юқори улушига эгалиги (2019 йилнинг 1 май ҳолатига жами экспортнинг таҳминан 50 фоизи);
VI. Товар ва хизматлар импортининг ошиши ортидан тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг салбий сальдоси (2018 йилда ЯИМга нисбати 7,1 фоиз);
VII. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг паст даражада эканлиги ва уларнинг асосан қазиб олиш тармоқларига йўналтирилиши (2018 йилда ЯИМга нисбати 1,2 фоизни ташкил этди).
Агентлик республиканинг глобал иқтисодиётга интеграллашуви ортиши, давлат корхоналари ислоҳоти натижасида унинг юқори ўсиш салоҳиятига эришиши, иқтисодиётнинг долларлашув даражаси камайиши ҳамда давлат бюджети даромадалари ва экспорт таркибини диверсификациялашуви келгусида Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини оширувчи муҳим омиллар сифатида санаб ўтилган.
LiveБарчаси