Бобожонов Навоийда 8 нафар ИИВ ходимини ишдан олди
Жамият
−
07 Февраль 2020
6946Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича Ички ишлар бошқармасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Қобул Турсунов, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, Ички ишлар, прокуратура, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
2019 йил якунига кўра Навоий вилоятида содир этилган жиноятлар сони 10,2 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 11,6 фоизга, шу жумладан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайган. Вилоятнинг ҳар учинчи маҳалласида жиноятлар содир этилмади, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани таъкидланди.
Шунингдек, вилоятда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди:
– ҳар ойда туман-шаҳар сектор раҳбарлари томонидан ўзининг ҳудудида криминоген вазияти оғир, энг кўп жиноят содир этилаётган маҳаллалар аниқланиб, келгусида уларнинг жиноятчиликни жиловлаш борасидаги режалари бўйича ҳисоботи вилоят сектор раҳбарлари ҳузурида муҳокама қилиш тартибини жорий этиш;
– жиноятчилик таҳлили 2019 йил мобайнида ва 2020 йилнинг январида жиноятлар сони ошиб кетаётган Навбаҳор туманига вилоят ИИБ бошлиғи Р. Турсунов ва салмоғи юқорилигича сақланаётган Кармана туманига унинг биринчи ўринбосари И. Тиллаевни бириктириб, уларнинг раҳбарлигида вилоят даражасидаги тегишли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича чораларни кўриш;
– ҳар ойда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уюшмаган ёшларни бандлигини таъминлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида ишларни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.
Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатлар, ажримлар, ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатнинг олдини олиш борасидаги ишларни танқидий ўрганиб, вилоят Хотин-қизлар кенгаши раиси бошчилигида ишчи гуруҳ тузиб, 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.
“Йиғилиш давомида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун Навбаҳор тумани ИИБ бошлиғи Ш.Исматов, Томди тумани ИИБ бошлиғи Б.Бозоров, Қизилтепа тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Адизов, Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш.Исматов, Хатирчи тумани профилактика инспекторлари А.Амонтошев ва Ш.Облаевлар, 11-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Сувонов, 5-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Латиповлар эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди”, дейилади хабарда.
Учрашув якунида сўз олган вилоят ҳокими йиғилишда таъкидланган камчиликлар юзасидан фикр билдириб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Аввалроқ, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Бухорода бўлиб, у ерда тизимдаги 11 нафар катта-кичик лавозимдаги ходимларни ишдан олганди.
LiveБарчаси