Марказий банк ва Молия вазирлиги раддия билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг Bloomberg халқаро ахборот канали журналистига берган интервьюси юзасидан қўшма изоҳ берди.

“Жорий йилнинг 9 июль куни Bloomberg халқаро ахборот канали томонидан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Халқаро молия конгресси доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси интервьюси асосида “Жорий йилда Ўзбекистон қўшимча еврооблигациялар чиқариши мумкин” номидаги мақола чоп этилди.

Интервью давомида республикадаги макроиқтисодий ҳолат, таркибий ўзгаришлар, молия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, инвестицион муҳитни яхшилаш ва мамлакатнинг халқаро инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган чораларга доир кенг қамровли масалалар муҳокама этилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси томонидан халқаро суверен облигацияларни чиқаришни давом эттириш хорижий инвесторлар учун мамлакат кредит тарихини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

Шу билан бирга, жорий йилда тижорат банклари томонидан халқаро облигацияларни чиқарилиши мумкинлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу билдирилган фикрларни талқин этиш ва иқтибос келтиришда суверен ва корпоратив халқаро облигацияларнинг фарқига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди.

Ушбу масалани оммавий ахборот воситалари ва халқаро инвесторлар томонидан нотўғри талқин қилинишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларини қўшимча чиқарилиши режалаштирилмаётганлигини расман қайд этади.

Шунингдек, халқаро облигацияларни жаҳон капитал бозорларида жойлаштирилиши Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамда давлат ва хусусий компаниялар учун ташқи молия ресурсларини жалб этишнинг энг самарали ва истиқболли бозор инструментларидан бири ҳисобланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг келгусида муомалага чиқариладиган суверен халқаро облигацияларининг муддати ва ҳажмлари мамлакатимиз ҳукумати томонидан макроиқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳамда жаҳон капитал бозорларида шаклланаётган ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Bloomberg агентлигига интервьюда инвесторлар Ўзбекистоннинг кредит тарихини кўриши учун мамлакат жорий йилда яна бир марта еврооблигациялар чиқаришини айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Молия вазирлиги Марказий банк суверен облигация

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг