ДСҚ тан олди – Шайхонтоҳур ДСИ ходимлари ишдан бўшатилган

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ниҳоят Шайхонтоҳур тумани солиқ идорасидаги оммавий ишдан бўшатиш билан боғлиқ ҳолат бўйича маълумот берди. Аввалига ходимлар ишдан бўшатилганини рад этган ДСҚ раддиялар ортидан Шайхонтоҳурдаги вазиятни изоҳлашга уринди. 

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясида “коррупция ўчоғи”ни аниқлаган. 

Хабарда маълум қилинишича, туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари устидан мунтазам равишда таъмагирлик ва порахўрликка оид шикоятлар келиб тушган.

“ДСИ ходимлари кўп йиллар давомида давлат ёки бюджет манфаатлари учун эмас, балки ўзларининг нопок мақсадлари кўлида ишлаб, коррупция ўчоғини ташкил этишган. Тадбиркорлар  эса ноиложликдан бу ўчоққа тушиб қолган. Охир-оқибат бюджетни тўлдириши ва давлатнинг ижтимоий пойдеворини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши мумкин бўлган маблағлар уларнинг чўнтакларига тушган”, дейилади ДСҚ хабарида. 

Маълум қилинишича, ДСҚ Шайхонтоҳур тумани ДСИ ходимларининг галдаги коррупцион хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширган. Қўмита раисининг уч ўринбосари бошчилигидаги махсус комиссия айни вақтда “инспекция ходимларининг қонунга зид ҳаракатларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда”.

ДСҚ ходимлар ишдан бўшатилганини рад этаётгани йўқ. Унга кўра, коррупцион ҳаракатлари фош этилган ходимлар ишдан бўшатилган. Қолган ходимлар махсус комиссия аттестациясидан ўтказилади.

Қизиғи шундаки, ДСҚ бундан бир неча кун олдин Шайхонтоҳур тумани ДСИ ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарларга раддия билан чиққанди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат солиқ қўмитаси

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг