Пойтахт ҳокимлиги ҳузурида карантин зоналарини бошқариш маркази ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш бўйича махсус марказ ташкил этилади.

Карантин марказининг асосий вазифаларидан бири коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш ҳисобланади.

Карантин маркази Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Карантин маркази директори Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Карантин мажмуасига тегишли мутахассис, ходимлар ва ҳарбий хизматчилар бириктирилиб, улар меҳнат ва хизмат фаолиятини асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда олиб боради. Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларни қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Қарор билан мазкур мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. 

Низомга мувофиқ, чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади.

Шунга кўра, чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати шакллантирилади ва электрон алоқа воситалари орқали марказга юборилади.

Марказ шу рўйхат асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.

Низом билан карантин мажмуасига жойлаштириш тартиби белгиланди.

Карантинга олинган шахслар карантин мажмуасида 14 кун давомида ёки карантинга олинган шахснинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида сақланади.

Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталар ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади. 

Карантинга олинган шахслар ташқаридан ҳар қандай кўринишдаги почта жўнатмалари, посилка ва бандероллар қабул қилиши тақиқланади, бундан қуйидаги жўнатмалар мустасно:

•    сурункали касаликка чалинган карантинга олиган шахслар учун дори-дармон воситлари; 
•    даволовчи шифокор тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлари;
•    болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур гигиена маҳсулотлари; 
•    қўшимча гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва адабиётлар. 

Карантин мажмуасида сақланаётган шахсларни назорат қилиш ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда карантин мажмуаси ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган навбатчилик гуруҳлари томонидан амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг