Азиз Ҳайдаров 150 миллион, Диёр Имомхўжаевдан узр сўрагани ва ЎФАдан кетишни ўйлагани ҳақида

Интервью

image

Ўзбекистон суперлигаси 1-тур доирасида "Пахтакор" - "Навбаҳор" (2:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаровнинг "Навбаҳор" клуби мухлислари билан бўлган суҳбатда ёзиб олинган аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ Азиз Ҳайдаров билан мулоқот қилди. У ўз фикрини қуйидагича баён этди:

"Пахтакор" ва "Навбаҳор" жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, бир гуруҳ наманганлик мухлислар тўпланиб туришганини кўрдим. Уларни олдига бордим ва тинчланиб, тарқалишларини сўрадим. Улар мен билан мулоқот қилишга киришди. Хабарингиз бор, ўша ерда бўлган мухлис ўзаро суҳбатни ёзиб олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган. Аудиоёзув 3 дақиқадан иборатлигини яхши биласиз. Лекин мен у ерда 3 дақиқа эмас, балки 20 дақиқадан ошиқ гапирганман. 

Мен у ерда фақат футболимиздаги ёмон иллатлар ҳақида гапирмаганман. Футболимиз ривожланаётганини ҳам гапирганман. Нима учун аудиоёзувни тўлиқлигича тарқатмади? Илҳом Мўминжонов мураббий бўлиб ишлаган пайтда уй учрашувлари учун ҳакамларга 150 миллион берилди деганман. Аслида қанча берилганини билмайман. Чунки, Мўминжонов "Навбаҳор"да ишлаган пайтда мен "Ал-Шабаб"да бўлганман. Бу суммани уларни тинчлантириш учун тахминан айтганман. Нима бўлган тақдирда ҳам Илҳом Мўминжоновни кўриб турибсизлар. Футболдан четлатилган. Бунинг барчаси бекорга эмас. 

У ерда гапирилган кўп гаплар аудиоёзувда йўқ. Аудиоёзув тарқалгандан кейин ишдан кетиш ҳақида ҳам ўйладим. Мен бу ерга футболни ривожлантириш учун келганман. 

Диёр Имомхўжаевнинг телефон рақамини берганимни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Унинг рақамини берганим учун Диёрнинг ўзидан узр сўраганман. Бу менинг хатом. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Фақатгина унинг рақамини мухлисларга берганим учун виждоним қийналяпти. Чунки, жуда ёмон иш қилиб қўйдим. Ўшанда Диёр Имомхўжаевнинг телефон рақамини тўлиқ кўрсатмадим. Мухлисларнинг ўзларида унинг телефон рақами бор экан. Бор гап шу. 

Орадан бироз вақт ўтсин, албатта интервью бераман. Айнан мана шу ҳолатга тўхталиб ўтаман. Фақат бунинг учун бироз вақт керак", дейди ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров.

Жаҳонгир Сотволдиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ЎФА Диёр Имомхўжаев Азиз Ҳайдаров

Баҳолаганлар

528

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг