Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси: “Енгиб бўлмас муаммолар бартараф этилди”

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги Элчихонаси Хитой Халқ Республикасида таҳсил олаётган ватандошларга мурожаат билан чиқди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий эътибори ва мамлакатимиз Ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва Элчихонамизнинг Ўзбекистон ва Хитойдаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 600 нафар ҳамюртимизни ватанга олиб келиш бўйича жуда аниқ ва ҳар томонлама пухта ишлар амалга оширилди. Хитойнинг ўнлаб шаҳар ва провинцияларидан Ухань ва Пекин шаҳарларига барча талаба ёшларимиз сафарбар қилинди.

Ўзбекистон нафақат Ухандан, балки Хитойнинг қатор чекка минтақаларидан ўз фуқаролари эвакуациясини ташкил қилган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Ўзбекистон фуқаролари Хубэй провинциясининг алоҳида карантин тартиби жорий этилган бошқа шаҳарларидан (Хуанши, Цзяннань, Ичан, Личуан, Цзинмэн) ҳам эвакуация қилинди.

Ўзбекистон фуқароларини Ухан шаҳридан олиб чиқиб кетиш мақсадида Элчихона Хубэй провинцияси ҳамда маҳаллий олий ўқув юртлари маъмуриятлари билан биргаликда ушбу провинциянинг Ухан ва яна бешта бошқа шаҳридаги 14 та университетда таҳсил олаётган салкам 80 нафар талабани эвакуация қилиш бўйича бир неча босқичли режа ишлаб чиқди. Унга мувофиқ фуқароларимизнинг шахсини ва бошқа маълумотларни аниқлашдан тортиб, уларнинг рўйхатини тузиш ва маҳаллий транспорт компаниясини жалб қилган ҳолда талабаларни Ухан шаҳри аэропортига олиб келишгача бўлган комплекс тадбирлар амалга оширилди”, дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, 15 январда Элчихонада тезкор штаб тузилган ва дипломатик миссиянинг барча ходимлари Хитойнинг турли бурчакларидаги 2000 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба билан мулоқотга чиқиб, уларнинг ҳар бири билан якка тартибда тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга фаол киришган.

“Объектив сабабларга кўра, бундай ностандарт шароитларда мазкур вазифаларни ҳеч бир муаммоларсиз ҳал қилиш мумкин эмаслиги ҳам табиий ҳолатдир. Aммо енгиб бўлмас тўсиқ бўлиб кўринган муаммолар ҳам бартараф этилди.

Энг асосийси, умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юзлаб талабалар мамлакатимизга саломат қайтишди. Бу эса келгусида улар ўз ўқишларини давом эттириш мақсадида яна Хитойга қайтишларининг муҳим кафолати ҳисобланади. Улар бу ерда Ватанимизнинг янада тараққий этиши учун зарур бўлган замонавий билимларни ўқиб-ўрганиб, ёш истиқболли мутахассислар сифатида Ўзбекистонга қайтишади.

Фурсатдан фойдаланиб, аввало, Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ва уларнинг яқинларига ушбу мураккаб дамларда қатъият ва сабр-тоқат, юксак маданият ва ўзаро ҳамфикрлилик туйғуларини намоён этганликлари учун самимий миннатдорлик изҳор этамиз. Кўплаб ватандошларимизнинг айни фазилатлари жуда қисқа муддатларда олдимизга қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун муҳим замин яратди”, дейилади мурожаатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Хитой элчихона коронавирус

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг