...
МЕНЮ
ONLINE TV

Профессорнинг қадри қанча? Ёхуд ўқитувчини "таксист"лар ҳам чув туширади


17:40, 17.04.2018 Таҳлил
 4 252

Профессор нега самолёт ёки поездда кетмади? Аслида профессорнинг юбилейга кетаётганидан хабарим бор эди. Самолётга чипта бироз аввал олиниши лозимлиги боис, бу ҳақда олим ўйлаб ҳам кўрмади.

Амрулло Каримов,
журналист   

Кейинги пайтларда ўқитувчилар қадрига оид материаллар оммавий ахборот воситаларида тез-тез кўтарилмоқда. Машҳур қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевнинг тракторчилар ҳақидаги ҳазиломуз гаплари эсингиздадир?! Тракторчиларнинг қадри кўтарилиб, ўқитувчилар қадрининг тушиб бораётгани юмор йўли билан тақдим этилган эди. Хўш, бугун ўқитувчининг қадри қанча? Профессорничи? Ана шундай профессорлардан бирининг шу кунларда бошидан ўтказган саргузаштига қулоқ тутинг:


“Мен, 2018 йил 14-15 апрель кунлари Қорақалпоқ Давлат университети профессори Қурбанбай Жаримбетовнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлдим. Юбилей юқори савия ва яхши кайфиятда ўтди. Тантаналар тугагач, 15 апрель куни уйга қайтмоқчи бўлдим. Ёнимда нақд пул йўқлиги учун Бухорога кириб, синглимдан Тошкентгача пул олишим зарур эди. Шогирдим Куанишбай Калекеев Бухорогача такси буюртма қилди.  Соат 12 лар чамаси ўша ҳудудга қарашли 95 623 (афсуски ҳарфларини эслаб қолмабдилар) рақамли оқ “Cobalt” русумли енгил автоулов келди. Ҳайдовчига мени Бухорога, синглимнинг манзили (5-кичик туман)гача олиб борасиз, 80 000 сўм бераман, деб айтдим. У рози бўлди ва биз йўлга чиқдик. Машинада мендан ташқари 3 киши бор эди. Ҳайдовчи мен ким бўлиб ишлашим, неча ёшдалигим, Нукусга нима учун келганимни сўради. Мен саволларга жавоб бердим. У йўлда намоз ўқиди. Намозхон одам экан деб, унга ишондим. Беруний шаҳрига етиб келганимиздан кейин, “Мен машинадагиларни уйларига ташлаб келаман. Сиз шу ерда кутиб туринг” – деди ва келишилган пулни сўради. Ёқилғига керакдир деган ўйда, унга келишилган пулни бердим. Шу кетгани билан у бошқа кўринмади. Орадан бир ярим соат вақт ўтди. Шоҳбекатдаги ҳайдовчилар воқеани эшитиб, одам ҳам шунча содда бўладими, у сизни ахмоқ қилиб кетган, дейишди.”

Савол туғилади? Профессор нега самолёт ёки поездда кетмади? Аслида профессорнинг юбилейга кетаётганидан хабарим бор эди. Самолётга чипта бироз аввал олиниши лозимлиги боис, бу ҳақда олим ўйлаб ҳам кўрмади. Поездга чипта масаласида мурожаат қилганда, рад олди. Шундай қилиб, профессор хизмат юзасидан таксида кетишга мажбур бўлганди. Профессорни алдаб кетган таксистнинг бола-чақаси, оиласи бордир? Уволдан, ҳаром пулдан қўрқмайдими? Намоздан бошни кўтариб, ёши 70 га етаётган отаси тенги одамни алдаб кетиш имонсизлик эмасми? Одам намозни Яратган гуноҳлардан авф этиши учун ўқийди. Аммо, бундай ҳолатга диний уламоларимиз атрофлича баҳо бергани маъқул. Ҳикоянинг давоми эса мана бундай тус олган:

“Таксист мени қолдирган жойда Комил ака деган киши бор экан. У билан гаплашиб, бўлган воқеани айтдим. У менга Берунийдаги таксистларнинг бошлиғи Бахар опага борамиз, у сизнинг масалангизни ҳал қилади, деди. Унинг уйига бориб тополмадик. Қайтишда йўлда опани учратдик. У билан бир неча дақиқа гаплашдик. Бўлган воқеани унга сўзлаб бердим. У мени алдаган ҳайдовчига телефон қилди, гаплашди ва кейин мен сизни Бухорога юбораман деди. Опадан мени чув туширган йигитнинг исми Беки эканлигини билдим. Шоҳбекатга қайтиб, 80 612 рақамли, Азиз исмли бухоролик йигитнинг “Ласетти”  русумли машинасига ўтирғизиб, бу кишини Бухорога олиб бориб қўйинг, деб тайинлади.

Биз Урганчга келдик. Йўлда Азиз нима бўлганини сўради, воқеани унга ҳам сўзлаб бердим. У менга 10 000 сўм берсангиз, 5-кичик тумангача олиб бораман, деди. Мен рози бўлдим. Лекин, Урганчга келгач, у ҳам Турдибой исмли “Нексия” русумли автомобили бор одамнинг машинасига ўтказиб кетди.

Янги машина эгаси Бухорога одам кутиб турган экан. Бўлган воқеани эшитгач, у кўп марта Бахарга телефон қилди. У эса пулни сизга олиб бераман, деб ваъда бераверди. Орадан 4 соат вақт ўтди. Соат 17:30 ни кўрсатди. Воқеани эшитганлар, профессор экансиз, ақлингиз йўқ экан, пулни ўз қўлингиз билан бериб қўйибсиз, деди. Мен Турдибой (шофёр)га Урганчда мени ҳеч кимим йўқ, қаерда тунайман, илтимос мени Бухорога олиб кетинг, дедим. У менга отам қатори одам экансиз, сизни шундай аҳволга туширишибди. Майли, олиб кетаман, фақат Бахардан пулни олайлик, деди. Биз машинадаги йўловчилар билан Нукус-Тошкент автомобиль йўлига чиқиб, Бахарнинг пул юборишини кутдик. Аммо, аёл на мени, на Турдибойнинг қўнғироқларини қабул қилди. Йўловчилар бу тахлит кутишдан норози бўлишди”.

Профессор иложсизликдан, йўл ҳақини иккинчи марта, нақд пули йўқлиги учун пластикдан тўлашга мажбур бўлган. Тўғрироғи, шофёрдан шуни илтимос қилган. Йўлда 2 марта, биринчисида 28 600, иккинчисида 27 100 сўм миқдорида газ қўйишга тўлаган. Олим менга тўлов квитанцияларини ҳам кўрсатар экан, наҳотки ён-атрофимизда одамийлик қиёфасини йўқотган одамлар шунчалик кўпми, деган саволлар мени азоблашни бошлаётганди.  Катта даргоҳнинг профессори бўлиб, ўз ҳисобидан, ўз ҳамкасбини табриклашга борган олимнинг бу тахлит алдаб кетилиши инсофсизлик эмасми? Ахир, 68 ёшли олим, энг аввало Ота эмасми? Оталарга, кексаларга, олимларга алоҳида эътибор кўрсатилаётган бир пайтда, мақолада номи тилга олинган Беки, Бахар сингари товламачи, ёлғончи, фирибгарлар ён-атрофда нималар содир бўлаётганини наҳотки сезмаётган бўлса? “Кўзи очиқ кўрлар” деган бир тушунча бор. Уларни ана шуларга ўхшатиш мумкин.

Профессор воқеа Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳуудларида содир бўлгани боис, товламачиларга жазо беришларини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Олим ўз мурожаатида фирибгар пулни қандай олган бўлса, шундайлигича ўз қўли билан қайтариб беришини сўраган. Уятли аҳволга туширгани, маънавий зарар етказгани учун жазо қўллашларини ҳам илтимос қилган. Илтимоснинг матндан кўчирилган фотовариантини тақдим қилмоқчимиз.     





Ҳа адашмадингиз. Профессор унга етказилган маънавий зарарни Нукус шаҳридаги Меҳрибонлик уйига, ота-онасиз қолган болаларга ўтказиб берилишини сўрамоқда. Фирибгар томонидан 3-5 млн атрофидаги сумма жарима сифатида қўлланилиши ва квитанцияси тақдим қилинишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда. Сўралган сумма аслида жуда оз. Одатда ёш улғайгани сари асаб касалликлари, қон босими, қандли диабет сингари касалликлар одамни тез-тез безовта қилишни бошлайди. Сўралган пул саломатликни тиклаш учун етармикин? Бир кунлик саргузашт олимнинг саломатлигига қанчалик зарар етказгани яратганга маълум. Аммо, шундай ҳолатда ҳам филология соҳасида таниқли профессорнинг бағрикенглиги, одамийлиги, саховатпешалигини қарангки, у пулни Меҳрибонлик уйига тақдим қилмоқчи. Бундай профессорларни асраш, қадрига етиш зарур. Мақолада тилга олинган, фирибгарлик йўли билан пул топаётганларга жазо эса муқаррар бўлиши керак. Воқеа тафсилотини кузатишда давом этамиз.

Теглар:Ўқитувчи Профессор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!