Ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи машмашаси: ИИВ “троллар фабрикаси”ни қурмоқчими?

Таҳлил

image

Шу йилнинг 10 апрель куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ички ишлар вазирлиги томонидан “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Аммо лойиҳанинг бир банди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Лойиҳанинг “Йўл харитаси”даги 9-бандида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш кўзда тутилган. У ерда масъул ижрочилар сифатида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги кўрсатилган.

Ёшлар иттифоқининг кескин баёноти

Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши кескин баёнот билан чиқди. Унда мазкур ҳужжатга Ёшлар иттифоқи алоқадор эмаслиги, лойиҳа ташкилотга юборилганида, улар айнан шу пунктдаги таклифга ўз муносабатини билдириб, кескин қаршилигини ифода қилганини маълум қилди.

“Биз Интернет тармоқларида билдирилаётган баъзи танқидий муносабатлар учун ёшларнинг қимматли вақтларини сарфлашдан кўра реал ҳаракатларга сарф этиши, ўз устида кўпроқ ишлаши, кўпроқ билим олиши, пировардида соғлом фикрли, теран таҳлилга эга инсон бўлиб улғайгани жамият учун кўпроқ манфаат келтиради, деб ҳисоблаймиз. Ҳар бир шахс ўз фикр мулоҳазаларини баён қилиш ва билдириш ҳуқуқига эга. Айниқса, ёшлар эркин фикр билдира олиши етук шахсларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Бироқ, у том маънода эркин ва мустақил фикр бўлиши шарт”, дейилди баёнотда. 

Буёғи энди қанчадан тушди? Асосий ижрочилар қаторида Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳам кўрсатилган, бироқ улар бу пунктга қарши бўлганини айтмоқда. Шунда ИИВ Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг фикрларини ҳисобга олмаган бўлиб чиқадими? Ҳисобга олмайдиган бўлса, нега унда муҳокама учун мазкур ташкилотга юборади?

ИИВ Академияси ва ТАТУ ўртасида
ҳамкорлик меморандуми имзоланган, аммо...

Ҳозирча ушбу масала юзасидан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳам, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) раҳбарияти ҳам тўлиқ тушунтириш бермади. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 27 март куни ИИВ Академияси ва ТАТУ ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Меморандумнинг имзоланишидан мақсад томонларнинг ўзаро ҳамкорлигида таълим-тарбия жараёнини мониторинг қилишда шахсни идентификация ва аутентификация қилиш орқали назорат қилувчи автоматлаштирилган тизимларни жорий қилиш, мутахассис кадрларни тайёрлашда ахборот-ресурс марказлари имкониятларидан ўзаро фойдаланиш, мамлакат ҳудудида ахборот коммуникация технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши кураша оладиган кадрларни тайёрлаш, киберхавфсизлик ва кибержиноятларга қарши кураш соҳасида илмий тадқиқот ва ўқув методик ишларини амалга ошириш, жиноятчиликка қарши кураш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва жиноят-процессуал, маъмурий-ҳуқуқий соҳаларнинг ахборот коммуникация технологияларига оид муаммолари устида илмий-тадқиқот, ўқув-методик ва амалий ишларни бажаришда ҳамкорликда илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эканлиги айтилган.

Унда ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳақда алоҳида тет-а-тет суҳбат бўлганмикин? Буниси ҳозирча бизга номаълум.

Яна ТАТУ-ми?

Ўтган йилнинг сентябрь ойини эсласангиз керак.  Журналист Дилбар Исматуллаеванинг блогер Нурбек Алимовга йўллаган мурожаати унинг Telegram каналида “Хоин ким?!” сарлавҳаси остида эълон қилинганди. Унда Тошкент ахборот технологиялари университетида “троллар фабрикаси” фаолият юритиши ҳақида хабар қилинганди. Ўшанда Дилбарга ТАТУда проректор ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган таниши қўнғироқ қилиб, ижтимоий тармоқларда ватанини ҳимоя қилиши учун ҳақ тўланадиган иш таклиф қилгани айтилганди. 

Кейинроқ ТАТУ раҳбарияти ростан ҳам шундай гуруҳ мавжудлигини айтиб, ушбу гуруҳ ижтимоий тармоқларда Президент ва Бош вазир номига билдирилган негатив фикрларга бошқа ном остидаги саҳифалар орқали муносиб жавоб бериш мақсадида тузилганини тан олганди. Аммо унинг молиявий ресурслари ҳақида арзирли жавоб қайтармаганди. Ушбу хабарлар ижтимоий тармоқларда катта резонанс бериб, ўткир танқидларга учраганди. Ҳозир эса ушбу гуруҳларга расмий мақом бериш режалаштирилганми деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи молиявий ресурси қаердан олинади?

Ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиши белгиланган экан. Бу ерда саволлар туғилади: Ватанпарвар блогер ўзи ким? Салбий-танқидий фикрларга “нима бўлса ҳам ватанимни севаман” дея изоҳ ёзиб ўтирадиган блогерми? Ёки бўлмаса, вақти-вақти билан давлат ташкилотларини асосли танқид қилиб, қолган вақтини бошқа унумли ишга сарфлайдиган блогерми?

Ватанпарвар блогер виртуал гуруҳининг иши нимадан иборат? У қандай функцияларни амалга оширади? Фаолиятини юритиши учун маблағ талаб этилиши аниқ. Текинга Wi-Fi  ҳам йўқ. Унинг молиявий ресурслари қаердан олинади? Яна халқнинг зиммасига тушиб, давлат бюджетидан молиялаштириладими? Иқтисодчилар томонидан айни коронавирус даврида катта молиявий зарарлар кўрилиши айтилмоқда. Бундай вақтда давлат пули эртага ҳеч бўлмаса, тани қайтадиган соҳаларга йўналтирилиши тавсия қилинмоқда. Шундай даврда бундай гуруҳга эҳтиёж бормикин?

Ижтимоий тармоқда саҳифаси бўлган шахс бор-ки, амалдаги қонунчилик бўйича блогер деб ҳисобланади. Ўзбекистонда миллионлаб блогер бор. Кунига миллиардлаб фикрлар билдирилади. Қонун доирасида фикр билдирганларни жазолаш мумкин эмас. Тузилаётган “алфа” гуруҳи юқоридагиларнинг қай бирига улгуради? Гуруҳдаги штатлар сони ўз-ўзидан кўпайиб кетмайдими? Кўпайса, бу дегани харажатлар ортади дегани эмасми? Шунча харажат ўтиш босқичида бизга керакми?

Яна бир савол. Ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи аъзолари ўзларининг номидан саҳифалар очадими (мавжуд аккаунтлари орқали ишлайдими) ёки бўлмаса, “тролл аккаунт”лар орқали изоҳлар ёзадими? Гуруҳ аъзоси тролл саҳифа орқали ишлайдиган бўлса, унинг истаганича ҳаракатланмаслигига (ҳатто, қонун доирасидан четга чиқиб), соғлом баҳс бўлишига ким кафолат беради? 

Охирги савол! Талаба-ёшларимиз айни вақтда китоб варақлагани бизга фойдалими ёки ижтимоий тармоқда салбий изоҳларга битталаб жавоб қайтариб турганими? 


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ ТАТУ блогер Ёшлар иттифоқи ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи

Баҳолаганлар

250

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг