Саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак – Президент

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бутун дунёга катта хавф туғдираётган коронавирус инфекциясига тўхталгани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари йиғилишда ушбу вазиятдан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, одамларда ваҳима уйғотиш ниятида бўлганларга чора кўрилишини эслатиб, жамоатчиликка мурожаат қилди.

“Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим”, дейди Президент. 

Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистондла коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган эди ва бугунгача беморлар сони 15 нафарга етди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида шу куни  Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Бош вазир оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига вазиятдан фойдаланиб, асосланмаган хабарларни тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди

Ўтган давр мобайнида, Ички ишлар вазирлигида Бош прокуратура ҳамда бошқа мутасадди органлар билан биргаликда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган барча қилмишларни аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.

Бугунги кунга келиб, ишчи гуруҳ томонидан мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт аниқланган. Улардан 25 (!) таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев коронавирус

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг