Президент “Сой бўйи” сайилгоҳида бўлди

Жамият

image

Бугун, 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олмазор туманида барпо этилган “Сой бўйи” сайилгоҳига борди.

Давлат раҳбари 2018 йил 9 февраль куни Олмазор туманида бўлиб, каналлар бўйини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берганди. 

Бугун бу ерда кўркам маданият ва маърифат маскани бунёд бўлди. “Дамаши” каналининг 2,5 километр қисми қирғоқлари бетонлаштирилиб, “Сой бўйи” сайилгоҳи барпо этилди. Ўзбекистон ва жаҳондаги машҳур обидалар макетлари ўрнатилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан кафе ва ресторанлар, коворкинг маркази, фитнес клуби ва бошқа объектлар ташкил қилинди.

Президент коворкинг маркази ва ундаги тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди. 

Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани ҳам аввалги ташрифнинг амалий натижаларидир.

Кутубхона бой китоб фонди ва ахборот технологиялари билан таъминланган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан электрон тарзда боғланган. 

Нуронийлар масканида фахрийлар ўз вақтини мазмунли ўтказиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари мазкур кутубхоналар ва Нуронийлар масканини кўздан кечирди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.

Шу ерда маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тизими ҳақида маълумот берилди. Президент бу тизимни Тошкент шаҳрининг барча туманларида жорий қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишда илм ва таҳлил асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сой бўйи сайилгоҳи

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг