Юрист минбари: Талаба ишлаши мумкинми?

Таҳлил

image

Ҳозирги кунда кўплаб талабалардан бир савол тушмоқда, яъни талабалар қонуний меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинми? Aлбатта, ишлашлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги бўйича бунга ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас. Фикримизни қуйидагича асослаймиз. Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда МК) 77-моддасига кўра, ўн олти (16) ёшга тўлган ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. 

Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган, енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг “Олий таълим тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 9-сонли буйруғи (рўйхат рақами №1222, 22.02.2003) 50-бандига мувофиқ кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтларида олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинлиги белгиланган. Бундан келиб чиқадики, талабалар бемалол ишлашлари мумкин. Лекин меҳнат қонунчилигига кўра, талаба фақат таълимдан бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, талабанинг асосий машғулоти бу билим олиш ҳисобланади. Яъни, таълим олиш устувор вазифа бўлиши лозим.

Шу ўринда яна бир савол туғилади. Яъни, агар талаба ишлаши мумкин бўлса, у тўлиқ 1 ставка ишлайдими ёки фақат 0,5 ставка ишлаши мумкинми? Юқорида айтганимиздек, талаба фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. МК 115-моддасига мувофиқ ходимнинг иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилган корхона, муассаса, ташкилотларда кунлик 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилганларда эса иш вақти кунлик 8 соатдан ортиқ бўлмаслиги шарт. Шунингдек, ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 128-моддаси). Aгар талабанинг бўш вақти етадиган бўлса, унга тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тўсқинлик мавжуд эмас. 

Бундан ташқари, иш берувчи ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган ходимлар учун бир қатор имтиёзлар бериши лозим. Жумладан, МК 249-моддасига мувофиқ таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, ўқув режасини бажараётган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда:

•    иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш;
•    қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар. 

Яна бир муҳим имтиёз бу талабаларнинг йиллик таътилларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ушбу тоифадаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра имтиҳонлар ва сессиялар вақтига тўғрилаб бериши лозимлигидир (МК 253-модда). 

Биламизки, сўнги босқич талабалари давлат имтиҳонлари (ГОС) ва диплом ишлари учун анча муддат тайёргарлик кўришади. Шунинг учун қонунчиликда талаба – ходимлар учун яна бир имтиёз берган. Яъни, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимлар диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан олдинги ўн ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун олти кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада бир кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этиладилар. Иш ҳафтаси беш кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади (МК 255-модда). 

Бундан ташқари, сиртдан ва кечки шаклда таълим олаётганлар учун ҳам алоҳида имтиёзлар белгиланган. МК 256-моддасига кўра, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календар кун; учинчи ва ундан кейинги курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календар кун, ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календар кун, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга эса, ҳар йили камида қирқ календар кун; олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида камида ўттиз календар кун; диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига тўрт ой, ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса икки ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади.

Олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун ўттиз календар кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Мазкур таътил даврида талабалар ва ўқувчиларга умумий асосларда стипендия тайинланади.

Кўпчилик ушбу имтиёзлар қўшни давлатлар, Қозоғистон, Қирғизистонда сиртдан таълим олаётганлар учун ҳам амал қиладими деб сўрамоқда? Юқоридаги нормалар қўшни республикларда сиртдан таълим олаётганлар учун ҳам татбиқ қилинади.

Ушбу мақолани ўқиётганлар яна бир савол туғилиши мумкин, яъни имтиёзлар фақат талабалар учунми? Aбитурентларчи? Меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган абитурентлар ҳам кўпчиликни ташкил этадику, уларга ҳам бирор имтиёз мавжудми? Ҳа, албатта, мавжуд. МК 254-моддасига кўра, кириш имтиҳонлари топширишга рухсат этилган ходимларга олий ўқув юртларига кириш учун камида ўн беш календар кун, муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди. Демак, иш берувчига ходимга ОТМга ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш учун шароит яратиб бериш мажбурияти юклатилган. 

Ҳозирда иш берувчилар томонидан жуда кўп такрорланадиган жумла бу “сизни уч ёки тўрт ойлик синов муддати билан ишга оламан. Aгар синовдан ўтсангиз ишни давом эттиришингиз мумкин”. Хўш, амалдаги меҳнат қонунчилигида синов муддати ҳақида қандай қоидалар белгиланган? Демак МК 85-моддасига мувофиқ дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлмаслиги лозим. 

Яна бир муҳим жиҳат шуки, синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади. Дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилади. Яъни, синов муддатида ишлаётган ходимлар меҳнат ҳақи, мукофотлар ва бошқа қўшимча тўловларни тўлиқ шаклда олади.

Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. Шундай экан, агар иш берувчи сизга синов муддати ҳақида гапирганда унга ўз ҳуқуқингизни эслатиб қўйишни унутманг!

Юқоридаги фикр-мулоҳазалар асосида хулоса қиладиган бўлсак, ОТМ талабалари қонуний меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкин. Ушбу мақолани ўқиган талабаларда савол туғилиши табиий. Яъни, талаба иш сўраб борса-ю, иш берувчи уни ишга олишдан бош тортса, унда талаба қандай йўл тутиши керак. МК 78-моддасига кўра ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (базавий ҳисоблаш миқдори -223 минг сўм). Шунингдек, МК 78-моддасига кўра ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, мурожаатчининг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Бизга маълумки, иш берувчи аёлларга қараганда эркакларни ишга қабул қилишни афзал кўради. Бунинг сабаби аёл ходимларнинг ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек уч ёшгача бўлган боласини парваришлаш учун таътилга чиқиши ҳисобланади. Шунинг учун иш берувчи аёлларни ишга олишни хоҳламайди. Қонун чиқарувчи мазкур сабабларни ҳисобга олган ҳолда аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилишни қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйган. Фикримизни қуйидагича асослаймиз. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 148-моддаси иккинчи қисмига кўра, аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Қизлар аксарияти талабалик даврида турмуш қуради ва бунинг оқибатида ишга киришда кўплаб тўсиқларга учрайди. Шунинг учун ҳам мазкур нормадан талаба қизларимиз хабардор бўлиб олишса, кони фойда. 

Шундай экан агар иш берувчи сизни ўзида мувжуд бўш иш ўрнига ишга олишни рад этса, ундан қандай асосларга кўра рад этганлигини ёзма равишда жавоб беришини талаб қилинг ва иш берувчи сизни ғайриқонуний равишда ишга олишни рад этган тақдирда, шу ҳудуддаги меҳнат инспекторига ёки прокуратура органига мурожаат қилинг!

Муҳаммадамин Каримжонов,
Тошкент давлат юридик университети 
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси,
Дониёр Имомниёзов, 4-курс талабаси


 


Мақола муаллифи

Теглар

Талабалар Юрист минбари

Баҳолаганлар

292

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг