Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда
Жамият
−
05 Июнь 2020
7884Ўзбекистонда 6-7 июнь кунлари ҳаво ҳарорати бироз пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Қайд этилишича, бугун Ўзбекистон ҳудудидан булут массивлари ўтиши кутилмоқда, шу сабабли тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида шамолнинг шиддати секундига 23-28 метргача етиши мумкин.
Ҳарорат фони 35-40 даража атрофида бўлади. Мамлакат жануби ва чўл зонасида айрим жойларда ҳарорат 42 даражагача бўлиши мумкин. Бундай ҳарорат бугунги кун меъёрий кўрсаткичларидан 5-7 даражага юқоридир.
Дам олиш кунларида Қозоғистон ҳудудидан салқин ҳаво кириб, иссиқ бироз чекинади ва ниҳоят ҳарорат кўрсаткичлари меъёрда — кечаси 17-22 даража, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади. Республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги кучайиши, шиддати 17-22 м/с га етиши мумкин. 6 ва 7 июнь кунлари мамлакатимизнинг тоғли туманларидагина ёмғир ёғиш эҳтимоли бор.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг охирида Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши бўйича рекорд ўрнатилган эди.