Машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди – Мирзиёев

Жамият

image

Давлат раҳбари Бектемир туманидаги “Metal Processing” масъулияти чекланган жамиятда тайёрланаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.

Умумий қиймати қарийб 34 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа саноатни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки тўқимачилик технологиялари ҳар беш йилда ўзгариб туради. Бундан ташқари, деталлари эскиради ё бузилади. Илгари оддий қисмлар ҳам четдан олиб келинарди.

“Metal Processing” МЧЖда тўқимачилик корхоналари буюртмаси асосида дастгоҳлар учун қоплама ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда мамлакатдаги 12 та йирик текстиль мажмуаси билан ҳамкорлик ўрнатилган.

"Узоқ йиллар давомида вазият шундай эдики, машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди. Кейинги пайтларда унинг юртимизда қайта ишлаш даражаси кескин ошди. Тўқимачилик кластерлари пайдо бўлди. Уларнинг замини - пахтани қайта ишлаш. Бунинг учун эса илғор техникалар, сервислар керак", деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонада 85 нафар мутахассис фаолият олиб боради. Швейцариянинг “SkillSonics International AG” компанияси билан ҳамкорлик асосида металлга ишлов беришда жаҳон стандартларидан фойдаланиб келинмоқда.

"Бундай корхоналарнинг "юраги" - муҳандис, конструкторлар. Афсуски, бизда кўп заводларнинг шундай "юраги" йўқ. Ақлли мутахассисларни топиб, қўллаб-қувватласак, маҳаллийлаштиришга катта ҳисса қўшади", дея таъкидлади Президент.

Шу ерда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кафедралари бўлимини очиб, амалиётни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Кооперация асосида буюртмани кўпайтириш, корхона рентабеллигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг