Ўзбекистонда блокланган хорижий сайтлардан энди фойдаланиш мумкин

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжоновнинг Фейсбукдаги саҳифасида агентликнинг расмий баёноти эълон қилинди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ЕХҲТ нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир томонидан эълон қилинган айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиққан.

“Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Бугундан эътиборан “Voice of America”, “Amerika ovozi”, “BBC Uzbek”, “Deutsche Welle”, “Amnesty International”, “Human Rights Watch”, “Reporters sans frontieres”, “Eurasianet.org”, “AsiaTerra”, “Fergana Agency”, “Centre1”, “Uzmetronom” каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.

Алоҳида эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайдилар. Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради.

Шу билан бирга, биз хориж оммавий ахборот воситалари, умуман журналистлар жамоасини журналист этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади расмий баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

ОАВ

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг