Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор – Мирзиёев

Жамият

image

Бугун Тошкентда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан муборакбод этиб нутқ сўзлади.

“Ер юзида инсоният пайдо бўлибдики, одамзот муқаддас Она сиймосини, мўътабар аёл зотини улуғлаб, ҳамиша шарафлаб келади. Оналаримиз шарофати билан Ватанимиз тупроғи жаннат боғларидек гўзал ва бебаҳодир. Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор”, деди давлат раҳбари. 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Аёлларимиз оиласини саришта сақлаш билан бирга жамият ва давлат ишларида ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошди.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи органи аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил аввал 128-ўринни эгаллаб турган эдик.

Муҳтарама аёлларнинг 16 нафари Ватанимизнинг энг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 380 нафардан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Уларнинг сафи тобора кенгайиб боряпти. Шу кунларда ташаббускор ва ташкилотчи аёллар туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинланаётир.

Ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт соҳалари ривожида ҳам назокат ва латофат эгаларининг муносиб ҳиссаси борлиги қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев 8 март

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг