Тошкентда маст ҳайдовчи Lacetti’да икки пиёдани уриб кетиб, Spark билан тўқнашди
Жамият
−
19 Сентябрь 2020
7726Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда Сергели туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида тарқалган хабарлар бўйича расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, 17 сентябрь куни тахминан соат 02:00 да 31 ёшли Фаррух Т. Lacetti’ни маст ҳолда Сергели тумани Чинор кўчаси бўйлаб бошқариб борган. Чинор ва Қўрғонтепа кўчалари кесишмаси яқинида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дўконга тўқнашиб, сўнг четда турган икки нафар пиёда — 24 ёшли Муҳаммад Т. ва 22 ёшли Алфия Б.ни уриб юбориб, йўл четида тўхтаб турган 32 ёшли Камола Н. бошқарувидаги Spark’га тўқнашган. Ҳайдовчининг кўрсатмаларига кўра, автомобиль тезликни ошириб ҳаракатланган.
Тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб келиши билан гувоҳлар ҳайдовчи ЙТҲ жойини тарк этишга ҳаракат қилганини, аммо улар томонидан қўлга олинганини маълум қилган.
Lacetti уриб юборган иккала пиёда ҳам шифохонага етказилган. ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда, бир қатор экспертизалар белгиланган.