Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг йиғилишига раислик қилди
Жамият
−
21 Октябрь 2020
44732020 йил 20 октябрь куни видеоконференцалоқа орқали Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилини, мажлис ишига Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилган. Тадбирда ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизими экани, ташкилот яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнаши қайд этилган.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг саммитларида жиноятчиликка қарши курашда, шу жумладан, Ташкилот аъзолари ва кузатувчилар ҳамда мулоқот шериклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги таъкидланган.
“Шу нуқтаи назардан, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларнинг Бош прокуратуралари вакилларининг мазкур анжумандаги иштироки ШҲТ доирасида ҳуқуқий соҳада идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни, ШҲТ маконида қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омилидир”, дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Шунингдек, йиғилишда коррупцияга қарши кураш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан ШҲТ давлатлари учун долзарб масала эканлиги инобатга олиниб, коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинган ва ўзаро тажриба алмашилган.
Соҳадаги мавжуд муаммолар конструктив равишда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланган.
Мажлис иштирокчилари якдиллик билан қайд этганидек, Бош прокуратураларнинг кенг кўламли масалалар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўсини ва глобал мавқейини янада оширишга ҳам хизмат қилади.
Йиғилиш якуни бўйича кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн тўққизинчи мажлисини 2021 йилда Ҳиндистонда ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
“Мажлисда аъзо давлатларнинг Бош прокуратуралари вакиллари, кузатувчилар ва ШҲТ мулоқоти доирасида шериклар, шунингдек, халқаро ташкилотлар масъуллари иштирок этган.
Шунингдек, ШҲТ бош котиби Владимир Норов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов ва Прокурорлар халқаро ассоциацияси президенти Чхол-Кю Хван иштирокчиларни қутлади”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси