“Толибон” Трампнинг сайловда ғалаба қозонишига умид қиляпти
Олам
−
11 Октябрь 2020
7569"Толибон" террористик гуруҳи АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампни сайловларда қайта сайланишига ва АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишига умид қилади. Бу ҳақда "Толибон" вакили Забиулла Мужоҳид маълум қилган.
"Биз Трамп сайловларда қайта ғалаба қозонади ва АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий иштирокига чек қўяди, деб умид қиламиз", деган Мужоҳид.
Унинг қўшимча қилишича, бутун дунё Трампни бемаъни одам деб билса ҳам, "толиблар учун у ақли расо ва доно".
Ҳаракатнинг яна бир вакилига кўра, Трампнинг коронавирус инфекцияси юқтирганини "Толибон" хавотир билан қаршилаган.
"Трамп COVID-19 билан касалланганини билиб, унинг саломатлиги ҳақида қайғура бошладик. Лекин у бутунлай соғайганга ўхшаяпти", деган у.
Трамп кампанияси эса АҚШ Президенти "Толибон"ни қўллаб-қувватламоқчи эмаслигини маълум қилган.
"Биз сизнинг фикрингизни рад этамиз. Толиблар шуни билсин-ки, Президент ҳар доим Америка манфаатларини барча керакли воситалар билан ҳимоя қилади. У Усама бин Ладен ва Қосим Сулаймонийни йўқ қилишга қарши чиққан Жо Байденга ўхшамайди", дейилган кампания маълумотида.
Аввалроқ, Трамп 25 декабрь - Рождествога қадар барча Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга умид қилаётганини айтган.
Маълумот учун, АҚШда ўтказиладиган президентлик сайловларига тобора яқин қолмоқда. Сайловлар жорий йилнинг 3 ноябрь куни ўтказилади.
LiveБарчаси