... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Питер Пэн авлоди ёки миллениаллар кимлар?


19:40, 04.12.2017 Бу қизиқ
 1 272

“Миллениал” атамасини америкалик олимлар Уилям Штраус ҳамда Нил Хоув 1987 йилда, “Авлодлар: Америка келажагининг 1584-2069 йиллардаги тарихи” деб номланган ва 1991 йилда нашр этилган китобида батафсил ёритишган.

Миллениаллар – кимлар? Бугунги кунда социологлар уларни “игрек” авлод, “некст” авлод, Питер Пэн авлоди ва бошқа кўплаб номлар билан аташмоқда.
 
Хўш, миллениаллар кимлар?
 
Миллениал дейилганда, бугунги кунда 1980-2000 йиллар оралиғидаги вақт ичида туғилганлар тушунилади. Чунки, уларнинг болалиги ҳамда ўсмирлиги алоқа воситалари, хусусан интернет жадал ривожланаётган ва бутун дунёда, нисбатан осойишталик қарор топган вақтда кечган.
 
АҚШдаги биринчи миллениаллар 1970 йилларнинг охирида, собиқ Иттифоқ ҳудудида 1985 йилларда пайдо бўлган, дейилади. “Миллениал” атамасини америкалик олимлар Уилям Штраус ҳамда Нил Хоув 1987 йилда, “Авлодлар: Америка келажагининг 1584-2069 йиллардаги тарихи” деб номланган ва 1991 йилда нашр этилган китобида батафсил ёритишган.
 
Уларнинг бу ғоясини ҳамкасблари қўллаб-қувватлашади ва турли мамлакатларда ривожлантиришади. Бу билан маркетологлар жуда ҳам қизиқиб қолишади. Чунки, бу атама уларга ўзларининг аудиторияси билан мулоқот ўрнатишига катта ёрдам бериши мумкин эди.


 
Ўтган 25 йилдан кўпроқ вақт давомида миллениалларнинг кимлиги тўғрисида жуда кўплаб мақолалар, китоблар ёзилди. Шулардан, миллениалларнинг умумий хулқ-атвори тўғрисида ишончли ва қизиқарли дейилган хулосаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Биз қуйида миллениалларга хос бўлган ўнта хусусият тўғрисида гап юритамиз. Атрофингизга қаранг ҳамда кузатинг! Бу фикрлар тўғри бўлса қўшиласиз, нотўғри деб топсангиз, ўз фикрингизда қоласиз!
 
Миллениалларга хос бўлган биринчи  хусусият - “Глобал фикрлаш”дир.
 
Дастлаб уяли алоқа, кейинчалик интернетнинг ривожлангани туфайли дунё тобора яхлитлашиб бормоқда. Дунёнинг турли чеккаларида бўлаётган хабарлар жуда тезкорлик билан Оммавий ахборот воситаларида чоп этилиб, бутун жаҳон бўйлаб тарқалмоқда. Бундан келиб чиқиб, миллениаллар дунёнинг яхлитлигини зукколик билан англайдилар ҳамда улар ўз шаҳрида ёки дунёнинг бошқа бурчагида бўлаётган янгиликни бир хилда қабул қиладилар.
 
Агар қаердадир фожиа содир бўлса, улар ташвишга тушишади  ва турли хэштеглардан фойдаланган ҳолда бирдамликларини билдиришади. Қувончли ҳодисалар содир бўлса, ўз қувончларини ижтимоий тармоқлар орқали бошқалар билан баҳам кўришади.
 
Умуминсоний қадриятлар ёки кимгадир ниманидир исботлаш тўғрисида гап борганда, уларнинг ўртасида ҳеч қанақа чегара бўлмайди. Шунинг таъсирида, бошқалар наздида арзимас туюлган айрим воқелар учун флэшмоблар уюштирилади ва миллионлаб ҳамфикрларига қайта-қайта улашилади.
 
Миллениалларга хос бўлган иккинчи хусусият-
“Кучли кинизм” (цинизм)дир.
 
Ҳозирги дунёда иккиюзламачилик, ёлғон ваъдалар бериш, амалга ошириб бўлмайдиган шиорлар кўпайиб кетган ҳамда миллениаллар бу ҳолатни ҳазм қилишолмайди. Миллениаллар ХХ асрнинг охирида бутун инсониятни алдаб келган ёлғончиликларнинг асл башарасини кўришган ёки ота-оналари, бобо-момоларининг бундай ёлғон ғояларга ишониб, нимага эга бўлиб қолганига гувоҳ бўлиб туришибди.
 


Миллениаллар яқинларининг ўзлари яшаган тузум томонидан қандай алданганига гувоҳ бўлган ҳолда вояга етишган, шунинг учун улар оламшумул сиёсий лойиҳаларнинг амалга ошишига ишонишмайди ва қўллаб-қувватламайди. Айнан шу ҳолатдан келиб чиқиб сиёсатшунослар, социологлар сайловларда миллениалларнинг овозига эга бўлишни хоҳлаган сиёсатчиларга улкан лойиҳаларни эмас, яқин келажакда ёрдам бериши мумкин бўлган аниқ нарсаларни (визани бекор қилиш, солиқ имтиёзлари каби) ўз дастурига киритишни таклиф қилишади. Олдинги авлодлардан фарқли равишда, миллениаллар амалиётчи ва киникдир. Уларга эртанги эмас, ҳозирги фойда керак.
 
Миллениалларга хос бўлган учинчи  хусусият – “Кучсиз диний эътиқод”дир.
 
(Бу ерда келтириладиган маълумотлар Европа ва Шимолий Америка қитъасига оид бўлиб, ер юзининг аҳолиси мусулмон бўлган ҳудудларини ўз ичига олмайди).   
Мунтазам ўтказиб бориладиган социологик тадқиқотлар натижасига кўра, миллениалларнинг диний анъаналарга берилгани 48-50 фоиз атрофидаги кўрсаткични ташкил қилади. Бу олдинги авлодларнинг кўрсатган кўрсаткичларидан анча кам. Бунинг сабаби, миллениалларни қандайдир ғояларга ишонтириш қийин. Уларнинг фикрича, ҳар бир инсон фақат ўзига ишониши керак.       
 
Миллениалларга хос бўлган тўртинчи  хусусият- “Кучли эгалитаризм”дир.
 
Ҳали инсоният тарихида умуминсоний тенгликни миллениаллардек тушунадиган ва унга амал қиладиган авлод яшаб ўтмаган. Уларнинг жуда ҳам кўпчилигида барча одамнинг фақат ўзига хос бўлган табиати билан бошқалардан ажралиб туришга ҳақли эканлиги, асосий дунёқараш сифатида шаклланган.
 
Дунёнинг барча давлатларида ўтказилган сўровларда миллениалларда ирқчилик, миллатчилик ва бошқа иллатларга берилувчанлиги ниҳоятда паст эканлиги аниқланган. Ана шундай бағрикенгликка қарши чиққан ҳар қандай ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинади ва қораланади. Айрим сиёсатчилар ёки машҳур шахслар шундай қарашлари учун қаттиқ танқид қилинади, айрим шоу-бизнес юлдузлари эса ўз каръерасини йўқ қилиши ҳам мумкин.
 
Бошқалардан ажралиб туриш миллениаллар учун меъёрдаги ҳолат, одам ўзига ёққан кишилар билан эркин мулоқот қилиши, ўзига ёққан нарсаларни эркин танлаши керак. Ўзига ёқмаган кишилар ва нарсаларни ҳам худди шундай рад қилиши мумкин.
 
Миллениалларга хос бўлган бешинчи  хусусият-“Қўлга киритиладиган совринларга ўчлик”дир.
 
Ҳозирги дунё жуда ҳам тез ўзгариб бормоқда. Буни интернет тармоғида кўп ўтирадиган миллениаллар ҳаммадан кўпроқ тушуниб, ҳис қилишади. Шунинг учун миллениалларни ишга ёллаётганда, уларни келажакда каръера қилиши билан ишга рағбатлантириш қийин. Уларни улкан лойиҳалар эмас,  кичикроқ ва тезда натижа берадиган лойиҳалар кўпроқ қизиқтиради. Чунки миллениалларда тезроқ самара берадиган рағбатлантиришга мойиллик кучли. Бунинг таъсирида ижтимоий тармоқларда “лайк”лар ва қайта улашиш (репост) тизими ривожланиб кетган. Шунингдек, миллениаллар арзимас совғаларни (кружка, торт, янги кресло, бўш вақт, турли сертификат) улашадиган иш берувчиларни ёқтиришади. Ташкил қилинадиган мусобақаларда иштирок этиш ва қандайдир совринни қўлга киритиш миллениаллар учун жуда муҳим. Шу билан бирга, улар ҳар бир иштирокчининг қандайдир номинацияда соврин олишини хоҳлашади.
 
 Миллениалларга хос бўлган олтинчи  хусусият-“Диққатни жамлаш қийинлиги”дир.
 
Атроф-муҳитнинг жуда тезлик билан ўзгараётгани оқибатида миллениалларнинг диққатни жамлай олиш хусусияти сусайиб кетган. Уларни бирон нарсага қизиқтириш учун, бир қарашда ўқий олиш мумкин бўлган, ўта қисқа матнлардан фойдаланиш керак. Бу айниқса, реклама берувчилар учун муҳим.
 
Бу дегани – миллениаллар узун матнларни ўқий олмайди дегани эмас. Улар узун матнларни ҳам ўқиши мумкин, фақат бу навбатдаги бестселлер бўлса. Улар ўзларининг асосий вақтини сарлавҳаларни, расмларнинг устидаги ёзувларни ўқишга сарфлашади. Агар расм ёки сарлавҳа қизиқтирсагина, матнни тўлиқ ўқиши мумкин. Улардаги айнан шу хусусият бир неча мавзуларни кузатиб бориш ва мавзуни тез ўзгартириш имкониятини кучайтиради.
 
Уларнинг бу хусусиятига қарамасдан, миллениаллар самарали ишлаши учун катта топшириқларни ҳам кичик-кичик бўлакларга бўлиб бериш керак (бунда “арзимас” рағбатларни эсдан чиқармаслик зарур).
 
Миллениалларга хос бўлган еттинчи  хусусият-“Янги урфларга ўта таъсирчанлик”дир.
 
Миллениаллар – тинимсиз ўзгариб турган ахборот оламида яшаётган кишилардир. Америкалик социологларнинг ўтказган тадқиқотлари натижасига кўра, бутун дунёдаги интернетдан фойдаланувчиларнинг 90 фоизини миллениаллар ташкил қилади. Шунинг учун милленалларнинг ҳар доим “мавзуда бўлиши”, яъни янгиликлардан хабардор бўлиши ва бўлишиши улар учун муҳим. Интернетнинг “лайк” ва “қайта улашиш” (репост) тугмачалари ижтимоий тармоқлар янгиликка нисбатан муносабат билдириладиган қироллари ҳисобланади. Айнан, миллениаллар авлоди даврида “вирусли пост” ёки “вирусли матн” деган тушунчалар пайдо бўлди.
  
Миллениалларга хос бўлган саккизинчи  хусусият-“Ижтимоий тармоқларнинг йўналишлари”дир.
 
Миллениаллар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавобни махсус сайтлардан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан олишга ҳаракат қилишади. Бунда улар ушбу хизмат ёки товардан фойдаланганларнинг фикрларига асосий эътиборни қаратишади. Бу ерда товар ёки хизматларни танлашда миллениалнинг ўзидан олдинги авлоддан тубдан фарқи қилади.
 
Ундан олдинги авлод хизмат ёки товарни танлашда мутахассиснинг тавсиясига амал қилса, миллениал бундай ҳолатда бошқа миллениалнинг фикрига устуворлик беради. Миллениал бирон бир товарни сотиб олишда ҳақиқий экспертнинг фикрларини инобатга олмасдан, ўзи ҳаётида умуман юзма-юз кўрмаган Алишер ёки Валишерга ишониши мумкин. Фақат экспертгамас.
 
Миллениалларга хос бўлган тўққизинчи  хусусият-“Ҳақиқий хабарни қидириш”дир.
 
Жуда катта ахборот оламига жойлашиб олган миллениал, интернет оламидаги барча маълумотларнинг ҳам тўғри эмаслигини жуда яхши билади. Уларга ҳақиқий илм қанчалик қадрли бўлса, ҳақиқат ҳам шунчалик муҳимдир. Миллениаллар ўзларида шубҳа уйғотган ҳар қандай далилни, интернетнинг қидирув тизими орқали қайта-қайта текширадилар. Агар мутахассис ўзи тавсия қилаётган  маҳсулотининг барча техник кўрсаткичларини ёритиб, тарифлаб берсада унга бунинг қизиғи йўқ. Бу ерда миллениалга ўзининг тармоғидаги бошқа миллениалнинг фикри муҳим.
 
Агар қандайдир кашфиёт ёки илмий назария пайдо бўлиб қолса, миллениал биринчи навбатда, бу мавзуда олдин нималар ёзилгани ёки бу назариянинг кимлар томонидан рад қилинганини текшириб кўради. Бу ерда машҳур шахслар шуни унутмаслиги керакки, улар томонидан нутқ сўзлаш ёки бошқа бирон бир тадбирда ошкора йўл қўйилган хатолик миллениаллар томонидан уюштириладиган қаттиқ танқидлар ёмғири билан кутиб олинади. Миллениалнинг онгига ҳар қандай ёлғонга нисбатан қаршилик кўрсатиш жуда кучли сингиб кетган.
 
Миллениалларга хос бўлган ўнинчи хусусият-“Катта бўлишни хоҳламаслик”дир.
 
Миллениаллар катта бўлишни хоҳламасликлари учун, кўпинча “Питер Пэн авлодлари” деб номлашади. Бунинг сабаби, миллениаллар ўз ота-оналарининг уйини, ўзидан олдинги авлод вакилларига нисбатан анча кеч тарк этишади; ўзи учун уй сотиб олишга сидқидилдан ҳаракат қилишмайди (шунинг учун уларни АҚШ ва Ғарбий Европада “ижарачилар авлоди” ҳам деб номлашади); миллениаллар ўз ишларини тез-тез алмаштирадилар (мутлоқ кўпчилиги уч йилда бир марта ўз ишларини алмаштирадилар) ва кўплаб саёҳатларга чиқишга ҳаракат қиладилар.
 
Улардан олдинги авлод вакиллари миллениалларни болаларча фикрлайди, деб ҳисоблашади. Катта авлод вакиллари томонидан берилган, “Нега миллениаллар соат 9.00 дан 18.00 гача ишда ўтиролмайди, уйланишга (турмуш қуришга), фарзанд кўришга ҳаракат қилмасдан, фақат ўзлари учун яшашга ҳаракат қилишади” каби саволларни, оддий ҳасад деб баҳолашади.
 
Бошқа давлатларнинг фуқаролари билан унинг миллати, ирқи ва бошқа фарқларига қарамасдан мулоқотга киришиш, ўзлари учун доимий равишда қизиқарли машғулотлар қидириш, глобал муаммолар, жиддий нарсалар тўғрисида суҳбатлар билан ўз ҳаётларини қийинлаштирмаслик, турли суратлар ва мушукчаларга бўлган битмас-туганмас қизиқиш ­­-   миллениаллар учун одатий ҳолга айланиши керак. 
Обил Сафаров

Теглар:Миллениал авлод 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси бренд колбаса маҳсулотларини истеъмол қиласиз?

Барча сўровлар