JICA билан узоқ муддатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари келишиб олинди
Жамият
−
19 Декабрь 2019
4004Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 декабрь куни Токиодаги Акасака қароргоҳида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаокани қабул қилди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва устувор дастурларни илгари суришга қаратилган кўп йиллик ҳамкорлик учун JICA раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда шерикликдаги лойиҳалар қиймати 4 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан зиёд бўлган, жумладан, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган янги дастур ўзаро келишиб олинди.
Кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим соҳасидаги алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва JICA ҳамкорлигидаги ҳар бир лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида "йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишиб олинди.