Депутатликка номзодлар аниқ. Улар ким?

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Мамлакатдаги 5 сиёсий партия аллақачон ўз номзодларини олға суриб бўлди.

Қонунчилик палатаси депутатлигига бўладиган сайловда иштирок этишга ижозат берилган жами бешта сиёсий партия қонунда белгиланган муддатларда ўзининг қурултой ва съездларини ўтказган. Мазкур тадбирларда партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун ҳар бир партиядан 150 номзод кўрсатилган. 

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, сиёсий партияларнинг раҳбарлари депутатликка номзодларни рўйхатга олишни сўраб, МСК мурожаат қилган. Марказий сайлов комиссияси экспертлари томонидан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлиги Сайлов кодексида белгиланган муддатларда синчиклаб текшириб чиқилган. 

МСКсиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ ҳолда, ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилганини таъкидламоқда. 

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ ва ҳужжатларни текшириш якунларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси  томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳар бир партиядан 150 нафардан рўйхатга олинган жами 750 номзоднинг барчаси олий маълумотли экани айтилмоқда. Шулардан 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардир. Бу 2014 йилнинг декабрида ўтган парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. 

Номзодлар орасида ҳуқуқшунослар - 6,9, иқтисодчилар – 19,1, шифокорлар – 12,4 фоизни ташкил қилмоқда. Депутатлик мандати учун бир академик, 22 фан доктори ва 52 фан номзоди кураш олиб боради. Номзодлар сафида 25-40 ёш орасидагилар  – 32,2  фоизни ташкил қилади.

Сифат таркиби бўйича таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, номзодларнинг деярли учдан бир қисмини (тахминан 30 фоизи) педагоглар ташкил этади. Кейинги ўринни (19 фоиз) иқтисодчилар эгаллаган. Партиялар рўйхатида, шунингдек, шифокорлар (12 фоиз), мухандислар (9 фоиз), ҳуқуқшунослар (7 фоиз) ҳамда тадбиркорлар (2 фоиздан зиёдроқ) ўрин олган. 

Эслатиб ўтамиз, сайловга 36 кун қолди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сайлов

Баҳолаганлар

277

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг