Президент яна “Сардоба”га борди
Жамият
−
03 Май 2020
13863“Сардоба” сув омборининг ёрилиши ва тошқин содир бўлиши оқибатида юзага келган фавқулодни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига борди.
Қайд этилишича, фавқулодда ҳолатни бартараф этиш борасидаги ишлар кун сайин кучайтирилмоқда. Айни вақтда “Сардоба” сув омборининг тошқин содир бўлган қисмида сув оқиб чиқиши тўхтатилган ва иншоот деворларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шавкат Мирзиёев бугун ҳам сув омборида тўғонни тиклаш ишлари билан танишган. Шу ернинг ўзида мутасаддилар тошқиндан зарар кўрган ҳудудларни тозалаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ахборот берган. Президент Шавкат Мирзиёев иншоотни тезроқ тиклаш ва аҳоли учун етарли шарт-шароит яратишга қаратилган қўшимча топшириқлар берди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур сув иншооти Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 6 та туман экин майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган. Ҳозирги вақтда тошқин юз берган жойда 2 та бригада ташкил этилиб, тўғон ёриғининг чап ва ўнг қирғоқларида жадал иш олиб борилмоқда. Бу жараёнга юзлаб малакали мутахассислар, мингдан ортиқ махсус техникалар жалб этилган. Катта ҳарсанг тошлар, бетон блоклар ва плиталар, бошқа тегишли қурилиш материаллари келтирилиб, тўғон олдида ярим айлана шаклида тўсиқ девор барпо этилмоқда. Ишчи-муҳандислар, ҳайдовчилар учун барча шароит яратилиб, саъй-ҳаракатлар кечаю кундуз ташкил этилган.
Президент Матбуот хизматининг қайд этишича, сув тошқини асосан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳоли пунктлари ва экинзорларига зарар етказган. Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу туманлардаги 22 та қишлоқдан жами 60 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган эди.
LiveБарчаси