Диққат! Тошкентда ЙПХ ходимлари боди-камера билан ишлашни бошлади
Жамият
−
28 Сентябрь 2019
6105Пойтахт Тошкентда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 50 нафар ходимлари боди-камералар билан фаолият олиб боришни бошлади. Уларнинг 32 нафар ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари ва 18 та патруль-пост хизмати ходимлари. Боди-камералар 19 сентябрдан тест тариқасида ишга туширилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
“Кейинчалик Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг барча бўлинмалари,улар қаторида қўлга олинган,ҳибсга олинган ва айбланган шахсларни,шунингдек,маъмурий қамоқ қўлланилган шахсларни конвойлаш ва этаплаш билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятида ҳам боди-камералардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Шу тарзда кейинги йилнинг бошига қадар хизмат давомида боди-камераларни ишлатиш, маълумотларни мобиль узатиш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилиш, жараённи хизмат олиб бориш давомида назорат қилиш бўйича амалий кўникма ҳосил бўлади”, дейилади ИИББ хабарида.
Боди-камералар ҳақида нималарни билиш зарур?
“Боди-камера” мосламаси аудио- ва видеоконтентни (FullHD форматида) ёзиш ва марказлашмаган тарзда сақлаш, кейинчалик кўриб чиқиш, фавқулодда вазиятларда марказлашган диспетчерлик хизматига “хавотир” сигналини етказиш, реал вақт режимида мобиль гуруҳларнинг жойлашувлари ва фаолиятларинин масофадан туриб мониторинг қилиш имкониятини берувчи мосламадир. Қизиқарлиси, боди-камера мосламаси инфрақизил ёритиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, ушбу қурилма тунги вақтда ҳам ўн метрлик масофани ёритиб, видеога олиб бориш имкониятини беради.
Ходимда контентни ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қатариб топширгунга қадар видеога олиб боради. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.
Шунингдек мослама ёрдамида радиоалоқага чиқиш имконияти бўлиб, ушбу имконият ходимларни рациядан беҳожат қилади.
Ёзувлар натижаси махсус серверда бир ой давомида сақланади. Боди-камераларни ишлатиш учун зарур бўлган ахборот тизимида мониторинг марказини ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Айнан ўша ерда боди-камералар томонидан қайд этилган маълумотлар сақланади ва кўриб чиқилади. Мосламанинг хотира картасидан серверга маълумотларни кўчириш, махсус дастурий таъминот томонидан WI-FI маълумотлар кўчириш симсиз тармоғи ёрдамида доимий дислокация жойига етиб келгач амалга оширилади (архивга сақлаш жараёни инсон аралашувисиз амалга ошади). Марказ операторида мосламага масофадан туриб боғланиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.
Мониторинг марказидаги махсус электрон картада ҳар бир ходимнинг айни вақтда жойлашган манзили, ҳамда ушбу манзилнинг патруллаш йўналишига мувофиқлиги акс этади.
Бундан ташқари, шу ерда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ҳаракатлар координацияси амалга оширилади: мониторинг марказига автоматик тарзда гео-, аудио- ва видеомаълумотлар ёпиқ (ҳимояланган) алоқа каналлари орқали етказилиб турилади.
Маълумот ўрнида, “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилингандан сўнг, ЙПХ ходимларининг боди-камералар билан фаолият олиб бориши 2019 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январга узайтирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатномасида ЙПХ ходимлари боди-камералар билан таъминланиши масаласига тўхталиб, лойиҳа 2018 йилдан амалга оширилишини айтганди.
“Келгуси йилдан бошлаб ички ишлар органлари йўл-патрул ва пост-патрул хизматларини ўз вазифасини бажариш, айниқса, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берадиган видеокамералар билан таъминлаймиз. Бу тизим соҳадаги мавжуд таъмагирлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини яратади”, деган эди давлат раҳбари.
LiveБарчаси