Банкларга лицензия бериш тартиби ўзгаради

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра, банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 32-банд (Қонун ҳужжатларига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатига кирувчи масалалар банк кенгаши ёки унинг бошқарувига топширилмайди) қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“32. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатига кирувчи масалалар банк кенгаши ёки унинг бошқарувига топширилмайди, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.”

52-банд (Фақат молиявий аҳволи мустаҳкам ва обрўга эга бўлган норезидент банкларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз шўъба банкларини очишга йўл қўйилади. Бунда, қисқа муддатли мажбуриятлари Fitch Ratings, Мооdy’s ёки Standart and Poor’s таснифлари бўйича А1 (ёки А+)дан паст бўлмаган рейтингга эга бўлган норезидент банклар устунликка эгадирлар) қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилди:

“Марказий банк билан норезидент банк жойлашган мамлакатдаги банк назорати органи ўртасида имзоланган халқаро шартномада (меморандумда) норезидент банкнинг рейтинги ва устав капиталига юқоридагидан фарқли талаб ўрнатилиши мумкин.”

53-банд (Норезидент жисмоний ва юридик шахслар томонидан, шунингдек, эллик фоиздан ортиқ акциялари (иштирокчилар бадаллари) норезидент жисмоний ва/ёки юридик шахсларнинг эгалигида, фойдаланувида ёки тасарруфида бўлган резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган банкларнинг акцияларини сотиб олиш, уларга эгалик ҳуқуқини бериш ва шу каби бошқа муносабатлар бўйича келишувлар фақат Марказий банкнинг олдиндан рухсати олинганидан сўнг амалга оширилади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“53. Норезидент жисмоний ва юридик шахслар томонидан, шунингдек эллик фоиздан ортиқ акциялари (иштирокчилар бадаллари) норезидент жисмоний ва/ёки юридик шахсларнинг эгалигида, фойдаланувида ёки тасарруфида бўлган резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган банкнинг акциялари умумий миқдорининг беш фоизи ёки ундан ортиғини сотиб олиш, уларга эгалик ҳуқуқини бериш ва шу каби бошқа муносабатлар бўйича келишувлар фақат Марказий банкнинг олдиндан рухсати олинганидан сўнг амалга оширилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган банкнинг акциялари умумий миқдорининг беш фоизидан камини сотиб олиш, уларга эгалик ҳуқуқини бериш ва шу каби бошқа муносабатлар бўйича келишувларни амалга оширганидан сўнг бир кун ичида ушбу келишувнинг амалга оширилганлиги тўғрисида Марказий банкка Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ шаклда ёзма равишда хабарнома юборади.”

Қуйидаги мазмундаги 111-1-банд билан тўлдирилди:

“111-1. Банк банк хизматлари офисларини ташкил қилишга ҳақли.
Банк хизматлари офислари Марказий банкда ҳисобга қўйилади.”

Қуйидаги мазмундаги 111-2-банд билан тўлдирилсин:

“111-2. Банк банк хизматлари офисини ҳисобга қўйиш учун уни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

•    банк бошқаруви раиси томонидан имзоланган банк хизматлари офисини ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза;

•    банк ваколатли органининг банк хизматлари офисини ташкил қилиш тўғрисидаги қароридан кўчирма;

•    банк хизматлари офиси тўғрисидаги низом.”


Мақола муаллифи

Теглар

лицензия банк

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг