Қозоғистон Сенати Ўзбекистонга нефть етказиб бериш бўйича келишувни ратификация қилди
Олам 14 Март 16:30 1047
image

Бугун, 14 март куни Қозоғистон Республикаси Сенати Қозоғистон ва Ўзбекистон Ҳукуматлари ўртасидаги энергетикага оид келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда Парламент Юқори палатасининг Матбуот хизмати хабар берди.

Келишув 2017 йил 16 сентябрда имзоланган. Ҳужжатда икки мамлакат ўртасида газ транзитини ривожлантиришнинг ўзаро манфаатдорлиги акс этган. У нефть-газ, нефть-газ кимё ва электроэнергетика соҳаларидаги ҳамкорликни раҳбатлантиришни, шунингдек, Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини газ билан таъминлашни кўзда тутади.

Келишувда Ўзбекистон 2 млн тонна қозоқ нефтини сотиб олишдан манфаатдор экани қайд этилган.

Таъкидланишича, ўзбек томони режалаштирилган хомашёни қабул қилиш учун нефтни ташувчи ва қайта ишловчи инфратузилмани қуриш ишларини ўз вақтида тугаллашини кафолатлаган.

Аввалроқ, Қозоғистон Ўзбекистон нефть етказиб берувчи қувурни ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. Лойиҳанинг ишчи номи “Чимкент-Жиззах” бўлиб, у жалб қилинган қарз маблағлари ҳисобига қурилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 2.9