Марказий банк “Ипотека-банк”, “Халқ банки”, “Давр-банк”ни жаримага тортди
Жамият
−
27 Август 2019
8213Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг июнь-июль ойларида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида айрим банкларда ўрганишлар ўтказди. Ўрганишлар натижасида улар томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, “Ипотека-банк” АТИБ ва “Халқ банки” АТБларнинг тарифларида қонун ҳужжатлари билан мижозлардан ундирилиши тақиқланган комиссия тўловлари мавжуд бўлса, “Давр-банк” ХАТБ ўз фаолиятида мижозларга банк хизматларини кўрсатиш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.
Жумладан, “Давр-банк” томонидан мижозларга кўрсатиладиган банк хизмат турларининг таркибига асосий хизмат билан боғлиқ бўлмаган қўшимча хизматлар киритилган ҳамда банкнинг веб-сайти ва ахборот стендларида ҳаққоний бўлмаган маълумотлар жойлаштирилган.
Шу муносабат билан, ушбу банклар фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериш билан бир қаторда, уларга нисбатан белгиланган тартибда жарима санкциялари қўлланилган.
“Асака банк” АТБ томонидан ўз мижозига нисбатан шартномага мувофиқ комиссия тўловларини ҳисоблаш тартиби қайта кўриб чиқилиб, нотўғри ҳисобланган 84 млн. сўм миқдоридаги маблағнинг мижозга қайтарилиши таъминланди.
Марказий банк бундан буён ҳам банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига йўл қўйган кредит ташкилотларига нисбатан қонуний таъсир чораларини қўллаб боради.