...
МЕНЮ
ONLINE TV

Озода Нурсаидова Ўзбекистонда концерт бериши мумкинми? “Ўзбекконцерт” жавоб беради


12:57, 14.03.2018 Шоу-бизнес
 17 247

2007 йилда Озоданинг концерт баннерлари бутун республика бўйлаб ёйилдию кўп ўтмай концерт бекор қилинди. Энди-чи?..

Аввалроқ, хонанда Озода Нурсаидова 1 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида концерт дастурини тақдим этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бу орада хонанданинг Ўзбекистондаги “Истиқлол” санъат саройи саҳнасида концерт қўйиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Хонандага кўра, концертга тайёргарлик ишлари бошланган, махсус рухсатнома олиш учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига мурожаат қилинган.
 
Озода Нурсаидова 2006 йилда сўнгги бор “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини тақдим этган эди. 2007 йилда эса яна концерт баннерлари бутун республика бўйлаб ёйилдию концерт бекор қилинди.


 
Қарийб 12 йиллик танаффусдан сўнг Озоданинг концерт дастурини тақдим этишига рухсат бериладими? Ушбу савол билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси расмийларига мурожаат қилдик.
 
“Хонанданинг концертига рухсат берилиши учун у аввало “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига мурожаат қилиши керак. Бугунгача хонанда Озода Нурсаидованинг концерти бўйича муассасага ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сонли қарорига мувофиқ концертлар учун махсус рухсатнома “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан тақдим этилади. Бунинг учун концерт дастурини тақдим этмоқчи бўлган хонанда барча қўшиқлари, уларнинг шеъри, концерт сценарийси, дастурда иштирок этадиган санъаткорлар ва ижодий жамоалар рўйхатини экспертлар комиссиясига тақдим этиши керак.
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази ва қатор ташкилотларнинг ваколатли вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашида концерт тақдим этмоқчи бўлган хонанданинг барча ҳужжатлари кўриб чиқилиб, қўшиқлари таҳлил қилинади. Агар лойиқ кўрилса, концерт тақдим этишга рухсат берилади”, дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Музаффар Сайфуллаев.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўп йиллик тақиқдан сўнг Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова ва Шерали Жўраев концерт беришга муваффақ бўлган эдилар. 

Теглар:Озода Нурсаидова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!