Шифокорлар иситма ва ҳолсизлик аломати билан мурожаат қилган фуқарони тўрт марта уйига қайтарган – прокуратура вакили

Жамият

image

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро 5 маротаба иситма ва ҳолсизликдан шикоят қилиб шифокорларга мурожаат қилган. Шифокорлар уни 4 маротаба муолажалар кўрсатиб, уйига жўнатишган. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни АОКА штабида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу фуқаро 16 кун давомида ушбу аломатлар билан юрган. Ҳозирда у билан мулоқот қилган тиббиёт ходимлари ва бошқаларда коронавирус аниқланмоқда.

"Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро 19 март кунидан 4 апрель кунига қадар, яъни 16 кун мобайнида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик сезаётгани боис 4 марта Юнусубод туманидаги 51-сонли оилавий поликлиникага ва 1 марта 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган.

Шифокорлар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган. Ушбу фуқаронинг соғлиғи оғирлашиб, бешинчи марта шифохонага мурожаат қилганидан сўнггина ундан вирусологик текширув учун намуна олинган. Текширув натижасида унда коронавирус аниқланиб, у ва у билан мулоқотда бўлган 30 нафар фуқаро карантинга олинди", дейди Содиқжон Бердиалиев.

Шунингдек, ушбу брифинг давомида ҳозирда касаллик юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳлар ҳақида маълумот берилган. Айнан ушбу фуқароларда коронавирус касаллиги аниқланиши эҳтимоли бошқа фуқаролардан кўра юқори. Булар:

- бозорларда ва катта савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар;

- ички ишлар постларида туну-кун кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлиб ишлаётган ходимлар;

- тиббий хизмат ходимлари,

- умумий тартибда карантинда сақланиб турган фуқаролар ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача касалланганларнинг 107 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Шифокорлар

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг