Ўзбекистонда 2020 йил охиригача доллар курси кескин кўтарилиши мумкинми?

Жамият

image

Ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси кескин ўзгармаслиги кутиляпти. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги ҳолат юзасидан берган ахборотида айтиб ўтилган.

Маълумки, чет эл валюталарининг миллий валютага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курслари ҳафтада бир марта белгиланиб, душанба куни эълон қилиб келиняпти. 

Бунда АҚШ долларининг сўмга нисбатан курсини белгилашда ҳафта давомида Ўзбекистон республика валюта биржасидаги кунлик банклараро савдо сессияларида мавжуд талаб ва таклиф нисбатига кўра шаклланган курсларнинг ўртача тортилган миқдоридан келиб чиқилади.

МБ ахборотига кўра, жорий йилнинг апрель ойидаги тўғирланишдан сўнг, сўм алмашув курси нисбатан барқарор динамика кўрсатмоқда. Хусусан, миллий валюта курси январь-апрель ойларида 6,6 фоизга пасайган бўлса, май-сентябрь ойлари давомида 2 фоизга пасайди.

Умуман олганда, 2020 йил 9 ойи давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси – 8,6 фоизга қадрсизланди.

Йил якунига қадар миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички ва ташқи макроиқтисодий омиллар таъсирида, ички валюта бозоридаги мавжуд талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб шаклланиб боради.

“Умуман олганда, ички иқтисодий фаолликнинг тикланиш суръатлари ва асосий ташқи савдо ҳамкорларимиздаги макроиқтисодий шароитларда 2020 йил якунига қадар ички валюта бозорида ҳолатнинг нисбатан барқарор шаклланиши, алмашув курсининг кескин тебранишларига олиб келувчи фундаментал омиллар хатарлари эҳтимоли пастлиги кузатилмоқда. Бунда йил сўнггига қадар ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф мутаносиблигини сақлаш юзасидан етарли шароитлар мавжуд”, дейилади регулятор хабарида.

Маълумот ўрнида, 9 ойда ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 7,0 млрд. долларни ташкил этиб, қолган 3,7 млрд. долларлик талаб эса Марказий банкнинг интервенциялари ҳисобига тўлиқ қондирилди.

Регулятор келгуси октябрь-декабрь ойлари давомида ҳам ушбу тамойилга асосан ички валюта бозорига интервенцияларни амалга ошириб боради. Бунда ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши кузатилган ҳолатларда, заруриятга қараб, йил бошидан олтин хариди ва амалга оширилган интервенция операциялари ўртасидаги тафовутдан ҳосил бўлган 300 млн. доллар миқдоридаги валюта захираси ҳам ушбу мақсадларга йўналтирилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

353

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг