Бор-йўғи 20 киши билан иш бошлаган “Milliy” телеканали 4 ёшни қаршилади

Жамият

image

Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистондаги хусусий телеканаллардан бири – “Миллий” телеканали фаолият бошлаганига 4 йил тўлди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг Телеграм каналида маълум қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Миллий” телеканали Комил Алламжоновга тегишли экани ҳақида гап-сўзлар юрарди-ю аммо унинг ўзи бу ҳақда ҳеч қачон айтмаганди. Бу сафар у телеканал бошида бўлганини ва у фаолиятини қандай бошлагани ҳақида сўзлаб берди.

“Оҳ, ўша ҳаяжонли дамлар! Ишонасизми, йўқми, ушбу канал ишини 20 нафарча одам билан бошлаганмиз. Булар – Юлдуз Ҳошимова, Акром ва Қаҳрамон Маҳкамовлар, Баҳодир Қосимов, Бахтиёр Иноғомов, Шуҳрат Расулов, Дэйл Аҳмади, Суннатилла Қўзиев, Жасур-дангаса Шаметов, Паша Ким, Сарвар Пўлатов, Мунис Тошматова, Ботир ва Ўткир Муҳаммадхўжаевлар, Ҳасан ва Ҳусан Салиҳовлар, Севдо Ниёзова, Аюб Шаҳобиддинов, Шуҳрат Жалилов, Сергей Ким”, дейди Алламжонов каналнинг илк кунларини эслаб.

У сўзида давом этиб, телеканал “Ширчой”, “МТВ шоу”, чиройли миллий либосларда ўзбек аёллари роликлари, “Ҳолва”, “Лаззат ошхонаси”, “Оталар сўзи” каби юзлаб лойиҳаларни амалга оширганини эслаб ўтган.

“Энг бахтли дамларим эди ўша пайтлар! Чунки, ичимдан қайнаб чиқаётган ғояларимни амалга оширишдан мени ҳеч ким ва ҳеч нима тўхтатиб қололмасди. Менда ўзбек халқининг урф-одатлари, маросим-тадбирлари, ўзбек миллатининг ҳақиқий қадриятлари, турмуш тарзини кўрсатиб бериш имкони бор эди.

Бу даврда у ўз ўрнига эга бўлди. Мухлисини топди. Файз ва сифатни ушлашга ҳаракат қилди, бачканаликдан қочди. Энг нуфузли 8 тонналик ош ва "Ўзбегим" китоби лойиҳаларини амалга ошириб, ўзбек ошини Гиннес рекордлари китобига киритган ҳам "Миллий" телеканали бўлди”, дейди Комил Алламжонов.

Таъкидланишича, йиллар давомида қатъий тақиқда бўлган машҳурлар – Шерали Жўраев, Обид Асомов, Юлдуз Усмонова, Озода Нурсаидова фаолиятини қайта тиклаши ва янги даврдаги биринчи чиқишлари ҳам айнан “Миллий” телеканалида бўлган.

"Гапирса, гап кўп. Бир сўз билан айтганда, туғилган кун муборак! Илоҳим, кўз тегмасин бу каналга. Яшнайверсин бу канал! Умри ва фаолияти узун бўлсин! Байрам муборак, ҳамкасбларим!”, дея сўзини якунлаган Алламожонов.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 мингга яқин ОАВ фаолият олиб боради. Сўнгги йилларда уларнинг сони ортиб боряпти. Аммо барча ОАВ ҳам сифат жиҳатдан одамларнинг талабига жавоб бермаяпти. “Миллий” телеканали эса ҳам сон жиҳатдан, ҳам сифат жиҳатдан эътиборга тушган телеканалга айланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий телеканали

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар