Татьяна Каримова 72 ёшни қаршилади

Бу қизиқ

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова бугун, 26 август куни 72 ёшни қаршилади.

Татьяна Каримова оммавий ахборот воситаларида кўп чиқиш қилмаган. Журналистларга унинг биографияси таниш эмас. Глобал тармоқда ҳам Татьяна Каримова ҳақидаги маълумотлар кам учрайди. QALAMPIR.UZ Татьяна Каримованинг биографик маълумотларини қўлга киритди. 

Татьяна Каримова (Азизова) 1948 йилда Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида ҳарбий хизматчи оиласида дунёга келган. 1952 йилда у ота-онаси билан Ўзбекистон ССР Фарғона вилояти Қувасой шаҳрига кўчиб ўтди. 

1966 йилда ўрта мактабни тугатган Татьяна Азизова 1971 йилда Самарқанд кооператив институтини технолог муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган. 

Ўз меҳнат фаолиятини 1975 йилдан Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институтида бошлаган. 1982 йилда иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган. 

Татьяна Азизова Ислом Каримов билан 1971 йилда турмуш қурган. Уларнинг икки нафар қизлари – Гулнора ва Лола, набиралари бор.

Татьяна Каримова турмуш ўртоғи Ислом Каримов билан илк танишувини шундай хотирлайди: 

“Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг аммаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эдилар.
 
Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик.

Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам калаолмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич эканлар.


 
Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этдилар. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак “ҳа” дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак... Мен “ҳа” дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув...

Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга бордилар. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди”.

Татьяна Каримова 1996 йилдан "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамоат фонди президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 

2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгаши аъзоси. 

2016 йилдан Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши аъзоси. 

Ҳозирда у Ислом Каримов музейини яратишда, турли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, шунингдек, мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича турли тадбирларда фаол иштирок этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом Каримов Татьяна Каримова

Баҳолаганлар

470

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг