Солиқ қарзларини қарздорнинг яқинларидан ундириш йўлга қўйилиши мумкин
Жамият
−
05 Март 2020
9062Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг тегишли қарори лойиҳасида қайд этилган.
Лойиҳага асосан солиқ кодексининг 60-моддасига мувофиқ суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик орқали тугатиш, қарздорнинг вафоти ёхуд даъво муддати ўтиши (тугаши) сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарз ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади.
Шунингдек солиқ кодексининг 96-моддасига мувофиқ солиқ қарзи қуйидаги ҳолатларда ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади:
• банкротлик орқали тугатилган юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда. Бунда, Оила кодексининг 34-моддасига асосан эр-хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ундириш тартиби, муассислар (иштирокчилар) ва мулкдорлардан ундириш кўзда тутилган солиқ қарзини ундирувида ҳам тадбиқ этилади;
• якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда. Бунда, банкрот деб эътироф этилган якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ қарзи ундируви Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 34-моддасига асосан эр-хотиннинг умумий мулкидаги тегишли улушига ҳам қаратилган бўлиши лозим. Агар, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 6 - моддаси 3 - қисмида белгиланган тартибда ташкил этилган бўлса, солиқ қарзи эр - хотиннинг барча мол-мулклари ҳисобидан тўлиқ ундириш чоралари кўрилган бўлиши шарт;
• якка тартибдаги тадбиркор вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганлиги сабабли солиқлардан қарзи узилмай қолганда. Бунда, вафот этган жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор фаолияти бўйича ундирилмасдан қолган солиқ қарзи ундируви ундан мерос бўлиб қолган мол-мулклар қиймати доирасида унинг меросхўрларига қаратилган бўлиши шарт;
• жисмоний шахс вафот этганлиги ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганда;
• вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи мол-мулкини мерос қилиб олган меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида меросдаги улушига мутаносиб равишда узилади ва мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади. Бунда, мерос бўлиб ўтаётган мол-мулклар қиймати меросхўр томонидан баҳоловчи ташкилотларига қайта баҳолатиш орқали аниқланади ҳамда мол-мулкни баҳолатиш билан боғлиқ харажатлар меросхўр томонидан тўлаб берилади.
• вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда;
• солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги тўғрисида суд томонидан ҳужжат қабул қилинганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;
• чет эллик юридик шахс солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда, доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли солиқ қарзи тўланмаганда. Бунда, тугатилган юридик шахслар, чет эллик юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда ёки фаолияти тикланганда солиқ қарзи ҳам қайта тикланиши лозим.