Ўзбекистон Бош санитария врачи коронавирус бўйича халққа мурожаат қилди (видео)

Интервью

Хитойда тарқалган коронавирус айни вақтда бутун дунёга хавф солмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга ҳам. Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча зарур чоралар кўрилган, мамлакат чегараларида ҳар доимгиданда кучли назорат олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 23 январь тонгги ҳолатидаги маълумотларга кўра, Хитойда 571 ҳолатда коронавирус касаллиги аниқланган. Ушбу хасталикдан 17 нафар инсон вафот этган. Шунингдек, касаллик Таиланд, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда аниқланган. Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги маълум бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидиологик осойишталик агентлиги директори, Ўзбекистон Республикаси бош санитария врачи Баҳром Алиматов QALAMPIR.UZ сайтига берган интервьюсида ўзбекистонликларга мурожаат қилди ва ҳаммаси жойида экани ҳақида гапирди. Шунингдек, мутахассис Хитойдаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятга ҳам ойдинлик киритди. 

“Ташқи ишлар вазирлиги билан Хитойдаги элчихоналаримиз орқали Ухан ва бошқа касаллик қайд этилган провинциялардаги фуқароларимизнинг соғлиғи устидан назорат ўрнатганмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари орасида ушбу касаллик келиб чиққан ҳудудларда касалликка чалинганлари йўқ. Уларга соғлиғи масаласида қанақа ёрдам керак бўлса, бериб келмоқдамиз. Уларнинг Ватанга қайтиши назоратга олинган”, дейди мутахассис.

Ўзбекистон Республикаси Бош санитария врачи коронавирус бўйича фуқаролар орасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини айтишди. 

“Халқимизга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиманки, бугунги кунда ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор. Ташқаридан коронавирус ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар доимий равишда ўтказилиб борилмоқда. Ўртада баръер тизим мавжуд. Агар касалликка гумон қилинган шахслар аниқланадиган бўлса, уларни ташхисни қўйиб даволаш ва соғлом қатламдан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган”, дейди Баҳром Алиматов.

Соғлиқни сақлаш ходимининг сўзларига кўра, ҳолатни назорат қилиш бўйича  Божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Чегара қўшинлари, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ишлар олиб борилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Баҳолаганлар

296

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг