... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонлик боксчилар Санкт-Петербургдаги халқаро турнирда зафар қучишди


15:39, 13.11.2017 Спорт
 656

Санкт-Петербург губернатори ўз қўллари билан бош совринни ўзбекистонлик боксчига топширди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатор кубоги учун ўтказилган халқаро турнирида иштирок этишди.
 
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини уч нафар боксчи муносиб тарзда ҳимоя қилди.
 
Санкт-Петербургда жойлашган “Динамо” спорт мажмуасида ўтказилган нуфузли мусобақада 75 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида мезбон боксчи Якуб Зубернини мағлубиятга учратган Исроил Мадримов дастлаб финалга йўлланма олди.
 
Исроил финал баҳсида яна бир рус боксчиси Игор Иванченкога қарши рингга кўтарилди.
 
Мадримов жангда рақибини йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди ва ўз медалларини Санкт-Петербург губернатори Георгий Сергеевич Полтавченконинг шахсан ўзидан қабул қилиб олди.
 

 
Шунингдек, Исроил Мадримов мусобақанинг энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилди.
 
Бундан ташқари, 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Шунқор Абдурасулов россиялик боксчи Руслан Батмановни енгиб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйиди.
 
Вазни 91 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда яна бир ўзбекистонлик боксчи Санжар Турсунов финалга қадар барча рақиблари устидан зафар қучганди.
 
Бироқ Турсунов ҳал қилувчи жангда мезбонлар вакили Магомед-Мурад Арсланбековга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.
 
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 2 олтин ва 1 кумуш медаль жамғариб, Санкт-Петербург губернатори кубоги бош соҳибига айланди.
 
Маълумот учун, халқаро турнирда зафар қучган боксчилар бугун, 13 ноябрь куни эрталаб Россиянинг шимолий пойтахтидан Тошкентга қайтиб келишди.
 
Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ яна бир ўзбекистонлик боксчи Шоҳжахон Эргашев АҚШда мезбон боксчи Маркес Хауторнга қарши рингга кўтарилиб, уни жангнинг учинчи раундида нокаутга учратгани ҳақида хабар бергандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Санкт-Петербург губернатори кубоги Исроил Мадримов Шунқор Абдурасулов Санжар Турсунов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!