Кар, кўр, соқов эдик... Шунча бўлурми ҳай-ҳай?

Таҳлил

image

Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатнома тақдим этганидан сўнг, турли амалдорлар томонидан айтилаётган фикрлар ҳақида нима дейишингни билмайсан киши. Гўё энди уйғонилгандек, гўё барчаси энди бошланаётгандек. Айтилаётган фикрлардан қуруқ ва совуқ қарсакларнинг товуши келади. Улар бўғиздан мажбуран отилиб чиқаётгандек эшитилади.

Президент, деҳқончасига айтганда: “Бўлди энди оғайнилар, йиғиштирайлик бундай гапларни. Ишни қилайлик, ишни... Гап билан қорин тўядими?”, деб турган бир пайтда, мурожаатнома тугаши билан бошланиб кетди: “Мана бу тизимда туб бурилиш қиламиз”, “Стратегик ислоҳотларнинг истиқболли кўламини оширишнинг замонавий аломатлари”,  “Биз бу йилда маърифатимизни ошириш борасида замонавий дастурлар изчиллигини қўллаш бўйича зарур чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқамиз”, хуллас, ўқисанг тилинг жингалак бўлиб қоладиган баландпарвоз гаплар... Ёмғирдан сўнг, босиб кетадиган қўзиқоринларга ўхшайди, гўё. Мақолалардаги сарлавҳаларни кўриб, ичим ёниб кетди – грамматик нуқтаи назардан ҳам, мантиқий нуқтаи назардан ҳам барча гаплар келаси замонда гапирилган. Ҳа, келаси замон...

Эҳ, барака топгурлар, 30 йиллик хушомад тўла баландпарвоз гапларингизни жамласа, қалин бир девонни кўрамиз. Қилган ишларингизга назар солсак хонумонни кўрамиз.

Биз “прописка” оёқларимизга занжир бўлаётганини олдин кўрмаганмидик? Коррупциянинг ботқоқ эканлигини олдин билмаганмидик? Фақат бу ҳақида Президент гапиришини кутиб ётган эдик. 

Кузатганларим, ўзбек интернети сегментида билдирилаётган муносабатлардир. Матбуот саҳифаларини варақлашдан чўчияпман. “Муносабат билдириш керак, албатта, муносабат берингизлар”, дейдиган журналистлар қанчадан қанча ҳали матбуотимизда.

Оддий мисол: Путиннинг мурожаатномасидан сўнг, саноқли амалдорлар ўз муносабатини билдирди, тамом! Ҳамма ўзини ишга уриб кетди. Биз эса ҳамон алёрлар, битиклар, достонлар ёзиш билан оворамиз. 

Барака топгурлар ҳоким ерини тортиб олган тадбиркор учун, гази йўқлигидан кечаси жунжикиб чиқадиган қишлоқ одами учун, чақиримлаб масофадан сув ташийдиганлар учун, контракт қимматлигидан боласини ўқита олмаётганлар учун, хуллас, тирикчилиги ғамида ғимирлаб юрган қора халқ учун, чет элда сарсон бўлиб юрган минглаб одамларимиз учун сизнинг баландпарвоз, шон-шарафга тўла сўзларингиз эмас, кичик бўлса-да, амалда бир ҳаракатингиз керак.

Халқ учун ҳам, Президент учун ҳам...

Аслида, шу тобда, Президентга қанчалик қийин экани ҳақида ўйлаяпман. Давлат раҳбари куюниб мурожаат қилса, вақт сарфласа-ю, булар унинг қўлидан тутиб сафдош бўлиш, машваратини ташкил қилиш ўрнига, энди уйғониш билан банд бўлса. Неча йилдан бери ҳоким, сенатор бўлиб юрган одамларга бизга энди сенаторликни ўргатиб бердингиз, дейиш тўғримикан? Эплолмаганингизни ўзингиз биларкансиз, қўл кўтаришдан бошқасига ярамаган экансиз, нега мард бўлиб ташлаб кетмадингиз? Ўшанда бу бурро тилингиз қаерда эди? Президентга осон эмас, осон эмас... 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

1098

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг