COVID-19 ва дунё – 31 март тунида содир бўлган янгиликларнинг қисқа дайжести

Олам

image

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар 750 000 дан ортди. Бугунга қадар 36 мингдан зиёд киши вафот этди. Ҳалқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, сўнгги 24 соат ичида 57 610 одам инфекция юқтириб олган, 3301 бемор вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна 5 нафарга ошди. Республикада 1 апрель ҳолатига кўра, 172 нафар инфекция юқтириб олган бемор бор. Ўлим ҳолати 2 тани ташкил қилмоқда. 8 киши соғайган.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 4 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 340 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг энг кўпи Нур-Султон (178), Олма-ота (82), Қарағанда (13) шаҳарларига тўғри келмоқда.

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 3900 нафарга яқинлашди. Мамлакатда инфекция юқтириб олганларнинг умумий ҳисоби 188 000 кишидан ортди. Қўшма Штатлар ушбу кўрсаткич билан дунёда биринчи ўринда кетмоқда.

Россия коронавирусга қарши курашда АҚШга ёрдам бериш мақсадида тиббий ниқоблар ва ускуналар билан жиҳозланган ҳарбий самолётини океан ортига жўнатди.

Украина ҳукумати Пасха байрамига қадар чет элда қолаётган яна 200 000 атрофида фуқаросини мамлакатга олиб келишни режалаштирди. Украина коронавирус сабаб мамлакат чегараларини 27 март куни ёпган эди. 16 мартдан 31 мартгача 160 000 атрофида ураиналик хориждан ватанига қайтиб келган.

Грециянинг бешта – Кастория, Орестида, Несторио, Ксанти ва Мики муниципалитетларида комендантлик соати эълон қилинди. Қарорга кўра, кечки 20:00 дан тонгги 08:00 гача бўлган вақт ичида фуқароларнинг ҳаракати тақиқланди.

Литвада 64 тиббиёт ходими коронавирусга чалинди. Бу мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг 12 фоизини ташкил этади. Болтиқбўйининг ушбу давлатида карантин 13 апрелгача узайтирилган. Мамлакатда 533 нафар одам коронавирусга чалинган.
 
Бошқа мамлакатларда қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Сальвадор, Уммон ва Конгода коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Бразилияда эса сўнгги 24 соат ичида 42 киши коронавирус оқибатида оламдан ўтди. Тунис ўз ҳудудида карантин вақтини узайтирди. Сурия курдлари инфекцияга қарши курашга тайёр эканликларини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус дайжест

Баҳолаганлар

415

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг