Гулнора Каримованинг чет элдан қайтарилаётган пуллари қандай сарфланади?

Жамият

image

Чет элга ноқонуний олиб чиқилган активлар Ўзбекистонга қайтарилганда, давлат бюджетига даромадлар сифатида кирим қилинади ва умумий тартибда ишлатилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Муҳаммедов маълум қилди. 

“Молия вазирлигида мол-мулкларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши ёки мамлакатимиз ичида мол-мулкларни мусодара қилиниши бўйича ҳар бир сотилган мол-мулк эгасининг фамилия ва исми бўйича ҳисоб юритилмайди”, дейди вазир ўринбосари. 

Жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 9,8 млн евро (10,2 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган ва давлат бюджетига (Яғона ғазна ҳисоб рақамига) келиб тушган.

Давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар Республика бюджети даромадлари манбаи ҳисобланади. Шу сабабдан, юқорида айтиб ўтилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига (Яғона ғазна ҳисоб рақамига) даромадлар сифатида кирим қилинди.

“Мазкур маблағлар умумбелгиланган тартибда, яъни 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонунида белгиланган тадбирлар учун (иш ҳақи, ижтимоий объектлар ва бошқа муассасаларни сақлаш, давлат дастурлари доирасидаги харажатларга) йўналтирилади.

Бошқача тушунтирадиган бўлсак, Давлат бюджети харажатлари миқдори ўзгармаган ҳолда унинг даромадлари ошади, яъни бюджет дефицити камайиб, ўз-ўзидан ушбу суммага четдан камроқ қарз жалб қиламиз”, дейди Муҳаммедов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилаётгани, Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берган эдик. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг