Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзо бўлиши бошқаларнинг “чўнтаги”га фойдалими?

Таҳлил

image

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари учун Ўзбекистон салоҳиятли бозор деб қаралмоқда. Аммо Ўзбекистон учун иттифоққа аъзо давлатлар бунинг акси сифатида кўрилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфират Хушвақтова маълум қилди.

Карантин шароитида масофадан туриб ишни ташкил этган “Адолат” СДП фракцияси аъзолари бир қатор қонун лойиҳалари қатори Ўзбекистоннинг ЕОИИга иштирок масаласини ҳам кўриб чиққан. Онлайн муҳокамада ЕОИИга аъзо бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмаслиги айтилган. Булар, ташқи савдо айланмасини ошиши, маҳсулотлар, тармоқлар, умуман, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ошиши, ташқи миграция каби йўналишларда намоён бўлиши қайд этилган.

Бироқ мазкур ташкилотга аъзолик кўпгина йўналишларда салбий ва муаммоли жиҳатларни ҳам келтириб чиқириши мумкинлиги айтилган.

ЕОИИ ягона божхона тарифи қўлланилиши сабабли республикада ва аъзо мамлакатларда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар ва хомашё импорти талаб этадиган йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш қийинлашади, айрим ҳолларда бутунлай тўхтайди. Вазирлар Маҳкамасининг таҳлилларига кўра, бу ерда гап нефт-газ, электроэнергетика, кимё, озиқ-овқат ва бошқа соҳалардаги қиймати 63 млрд АҚШ долларига тенг 361 та лойиҳа ҳақида кетмоқда. Ўзбекистонга ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан чегаралар орқали учинчи мамлакатлардан контрабанда товарларнинг оқими кучаяди.

“Ҳозирда ЕОИИ бозорига кириш учун маҳсулотлар ва хизматлар учун 48 та техник регламент мавжуд. Ўз-ўзидан савол туғилади. Ўзбекистондачи?  Ўрганишларга кўра мамлакатимизда уларнинг атиги 5 тасигина амалиётда қўлланилади. 29 та регламент умуман мавжуд эмас. 14 та миллий регламент билан Иттифоқнинг техник регламентлари ўртасида жиддий тафовутлар мавжуд. Бу рақамлар эса ЕОИИ мамлакатлари биз учун эмас, улар учун Ўзбекистон салоҳиятли бозор сифатида кўрилмоқда.

Агар Ўзбекистон ЕОИИга юмшатувчи ва ўз шартлари билан кирмас экан, инвестиция фаоллигига сусайиб, ялпи ички маҳсулот ўсиш суратлари, ишлаб чиқариш ҳажмлари пасаяди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги манфаатдорлик бўйича тарози палласи тенг кўринишга ёки Ўзбекистон томонига оғмагунча ҳамкорлик масаласида қатъий қарор қабул қилишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман”, дейди Махфират Хушвақтова.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик истиқболларини ҳамда ушбу хамкорликнинг мамлакат миллий манфаатларига таъсирини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш бўйича махсус Ишчи гуруҳи тузилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЕОИИ “Адолат” СДП Адолат

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг