Тошкентда Мудофаа бўлими ходимида коронавирус аниқланди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кун сайин жиддий тус олмоқда. Вирус карантин зонаси, аҳоли орасидан давлат идоралари остонаси ҳатлаб ўтганига анча бўлди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, вирус Мудофаа тизимига ҳам кириб борган. Хусусан, Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси Юқоричирчиқ тумани ходимида коронавирус аниқланган. 

Аввал хабар қилганимиздек, 19 июнь куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 20 июнь куни эса 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи яна ошганлигини кўришимиз мумкин.

20 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 13 нафар, Тошкент вилоятида 4 нафар, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида эса 1 нафардан ташкил этмоқда.

Жумладан:

•    Тошкент шаҳридаги саноат корхонасининг 4 нафар ходими ва уларнинг 5 нафар оила аъзоларида, Учтепа тумани яшовчи М.М.да ( оромгоҳга кетиш мақсадида намуна топширган);

•    Миробод туманида яшовчи Н.Ш.да (профилактика мақсадида намуна топширган);

•    Шайхонтоҳур туманида яшовчи уй бекаси Д.З.да (тана ҳарорати кўтарилиб, хусусий шифохонага мурожаат қилган);

•    Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ходими Э.Ш.да (ҳарбий чақириққа келган болалар билан мулоқотда бўлган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек:

•    Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ш.Э.да (ишга кириш мақсадида намуна топширган); Мудофаа ишлари бошқармаси Юқоричирчиқ тумани ходими Д.А.да (меҳнат таътилидан ишга чиққан ва тана ҳарорати кўтарилиши сабабли намуна топширган); 

•    Янгийўл туманида яшовчи М.М.да ва Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (профилактика мақсадида намуна топширишган);

•    Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани яшовчи Ш.Э.да (Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлган, тана ҳарорати кўтарилиб, ўзи намуна топширган);

•    Хоразм вилоятида Тошкент вилоятидаги МЧЖга қарашли юк автомашинаси ҳайдовчиси В.Т.да (вилоятга кириш блок постида намуна олинган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Қайд этилишича, айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Мудофаа вазирлиги Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг