... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда қурғоқчиликка чидамли ёнғоқ, бодом ва писта боғлари кўпайтирилади


13:50, 14.11.2017 Жамият
 770

Президент қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 1,5 минг гектардан зиёд майдонда интенсив усулда ёнғоқзор барпо этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 1,5 минг гектардан зиёд майдонда интенсив усулда ёнғоқзор барпо этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Маълумки, Ғаллаорол туманининг табиий иқлим шароити боғдорчилик учун жуда қулай. Унинг қишлоқларида бир неча асрлик ёнғоқ дарахтларини кўплаб учратиш мумкин. Мисол учун, Моргузар, Қўйтош, Ғубдин тоғларидаги бу дарахтларни маҳаллий аҳоли жуда қадрлайди.
 
Хабарда айтилишича, айни пайтда интенсив ёнғоқзорлар барпо этиш бўйича иккита лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ишлари якунига етказилмоқда. Ушбу лойиҳалардан бирини амалга ошираётган “Texno Medium” масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлари 15 гектар майдонда интенсив ёнғоқзор барпо этди.
 
“...Қишлоғимиздаги деярли барча хонадонда ҳеч бўлмаса бир туп ёнғоқ дарахти бор. Ёнғоқ катта харажат, меҳнат талаб қилмасдан даромад келтирадиган дарахт. Биз ҳам ҳовлимиздаги 15 туп ёнғоқ дарахтидан йилига 300 килограммдан ортиқ ҳосил оламиз. Даромад ҳам шунга яраша”, дейди Узунбулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳусан Алимов.
 
Энди туман ҳудудида ёнғоқзорлар янада кўпаядиган бўлди. Давлат раҳбари қарори асосида туманда ёнғоқ етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Унга кўра, туман ҳокимлиги қарори билан 1,5 минг гектардан зиёд лалми ер майдони ажратилиб, интенсив усулда ёнғоқзор ташкил этилиши режалаштирилган.
 
Хабарда айтилишича, бу йўналишда иккинчи йирик лойиҳа тумандаги “Car-Agro” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилмоқда. Корхона туманнинг тоғолди ҳудудида 1,5 минг гектар майдонда ёнғоқзор барпо этаётир. Бу ерда М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот иститутининг Жиззах вилояти илмий тажриба станцияси мутахассислари тавсияси билан серҳосил, турли касалликларга чидамли кўчат нави ўтқазилди.
 
Асосий қисми лалми ер майдонлари бўлган туманда боғдорчиликни ривожлантириш аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим йўналиши сифатида амалга оширилмоқда. Шу мақсадда махсус дастур асосида 2017–2018 йилларда боғдорчилик йўналишида 175 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу лойиҳаларнинг 100 га яқини шу йилнинг ўзида бажарилиши мўлжалланмоқда.
 
Ушбу лойиҳалар асосида боғдорчиликнинг анъанавий турларидан ташқари ёнғоқ, бодом, писта каби қурғоқчиликка чидамли боғларни кўпайтириш устида иш олиб борилаётир.

Теглар:Боғдорчилик Ғаллаорол тумани Ёнғоқзор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар