Замон зўрникими ё “бер-бер”ники? “Ёлғиз она” мақоми фоҳишалар орасида трендга кирди

Таҳлил

image

Карантин даври ҳаммада ҳам оғир кечаётгани тўғри. Ёшу кекса бирдай азият чекмоқда. Кимдир севимли ишидан, кимдир ўқиши, савдоси, тадбиркорлигидан айри. Карантин чекловлари сабаб аҳолининг айрим қатламлари ночор аҳволда яшаётгани ҳам сир эмас. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий кўмак сифатида муҳтож оилаларга ажратилган пул маблағлари кимларга берилмоқда, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда. 

Юртимизда COVID-19 вируси аниқланган кундан бошлаб Республика миқёсида қатъий карантин чоралари юритилди. Кейинчалик ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 1197 қисқа рақами орқали бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ишлари йўлга қўйилди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида Ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ҳудудда мавжуд ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, чин етимлар, меҳрибонлик уйидан чиққан собиқ тарибияланувчилар, ЖИЭМ жазо муддатини ўтаб чиққанлар, ишсиз қолган фуқаролар, никоҳи бекор қилинган фарзандли аёллар, якка-ёлғиз қариялар, ётоқли беморлар рўйхати шакллантирилди. Мазкур рўйхат асосида жорий йилнинг 29 апрелидан бошлаб "Саҳоват ва кўмак" ҳаракати доирасида ижтимоий ёрдам тариқасида тижорат банклар орқали эҳтиёжманд оилаларга пластик карталар тарқатилиб, ҳар 15 кунда 500 000 сўмдан пул маблағи тушириб берилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада шароити ўта оғир бўлган 10 та оила саралаб олиниб, ҳар бир оилага Алишер Усмонов томонидан эҳсон қилинган пул маблағи 2 500 000 сўм миқдори туширилган бир марталик пластик карталар чиройли конвертларда Ўзбекистон Миллий банки ходимлари томонидан тақдим этилди. Бундан ташқари, қийналган оилаларга ҳомийлар ва савобталаб фуқаролар томонидан бирламчи озиқ-овқат махсулотлари бир неча бор маҳалла кесимида тарқатилмоқда. 

Хўш муаммо нимада?

Маҳалламизнинг баъзи фуқаролари ўзларининг норозиликларини намоён этиб, маҳалла идорасига чиқиб, жанжал уюштиришди. Ачинарлиси шунда-ки, уларнинг барчаси “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида ижтимоий ёрдам карточкасини олган, бундан ташқари, 1197 орқали уларнинг уйига бир неча бор озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ҳайит айёми муносабати билан “Эҳсон” улашиш ниятида бўлган ҳомийлар томонидан бир маротабадан 100 АҚШ доллари берилган фуқаролар ҳам бор эди. 

Шикоятчиларнинг аксарияти Алишер Усманов томонидан тақдим этилган 2 500 000 сўмлик пластик карточкани талаб қилмоқда. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу маблағ Миллий банк томонидан белгиланган тартибда май ойининг охирида тарқатиб бўлинди. Лекин шунга қарамай, ўринсиз таънаю-дашномлар маҳалла идораси ходимлари бошига ханузгача ёғилмоқда. 

Мана, баъзи шикоятларнинг мазмун-моҳияти билан танишинг:

Фуқаро: — Мен ёлғиз онаман. 3 нафар фарзандим бор. Онам қарилик нафақасида. Нафақаси бор-йўғи 700 000 сўм. Турмуш ўртоғимнинг ўз оиласи ва 4 нафар фарзанди бор. Келса фақат 3 фарзандимга таглик ва каша олиб келади. Берилган Саховат карточкасидаги арзимаган 500 000 сўм бир марталик бозорга етди. Энди болаларимни нима билан боқаман?

Маҳалла раиси: — Сиз 2 ёшгача бола парвариши нафақасини оласиз, тўғрими? Бундан ташқари, камида 5 маротаба 1197 орқали ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам онангиз, ҳам ўз номингизга икки баравар олдингиз. Ҳар ойда сизга 486 000 сўм бола пули ва “саховат ва кўмак” картасига камида 500 000 сўм пул тушуриб берилмоқда. 

Шикоятчи аёл раисни эшитишни ҳам истамай “порталга ёзаман устингиздан” деб шанғиллаганича маҳалла идорасини тарк этди.

Аёл бўлганим учун одамларнинг гапириши, ўзини тутишидан бошқа, ташқи кўринишига ҳам эътибор бераман. Ҳалиги шикоятчи аёл маҳалла идорасига, отаси тенги раис қабулига тунги кўйлакдек ярим очиқ кийимда келгани мени сира ажаблантирмади (маҳалла идорасида бундайларни кўравериб кўзингиз “пишиб” кетади). Буниси ҳам майли, ўзи айтгандек “ночор” аҳволда яшаётган бу аёлнинг тирноқлари ҳозирда гўзаллик салонларида “шлак” номи билан машҳур (жуда қиммат) ва олифта аёллар орасида урф бўлган маникюридан тортиб, уланган сунъий киприклари, сунъий чиздирилган қошлар, рангсизлантирилган сочлари ва замонавий турмагининг ўзига “муҳтож оилаларга тарқатилаётган маблағ”нинг бутун суммаси кетади. 

Қабулда яна бир аёл шикоят билан сўзини бошлади: — Мен ёлғиз онаман, иккита ўғлим бор. Ейишга ноним йўқ уйимда. Берган пластигингларга бор йўғи 500 000 сўм пул тушди. Нима бўлади у?! Устимиздан куляпсизларми?! Қани қолган пуллар?! Сенлар ҳамманг еб ўтирасанлар. Етимман, етимнинг ҳаққини ейиш сенларга ҳаром бўлсин, – деб бақира кетди. 

Раиснинг маҳалла кўмагидан ташқари 1197 орқали деярли ҳар ҳафта озиқ-овқат маҳсулотлари олдингизми, деган саволига “Олдим ичидан қуюлтирилган сут, чоко-крем, колбасасини сизлар олиб қўйибсизлар”, дея жавоб қайтарди. Ҳа, бувим “ўт балоси, сув балоси, ТУҲМАТ БАЛОСИдан асра” деб яратганга илтижо қилишларида ҳикмат бор экан, деб ўйладим шу дамда. 

Куни кеча маҳалла раиси эҳсон тариқасида ногиронлиги бўлган аёлга 200 АҚШ доллари тақдим этган, “Саховат ва кўмак” пластик картасидан шу кунгача 1 000 000 сўм маблағини мунтазам олиб турган, бундан ташқари қарилик ва ногиронлик нафақаси умумий қиймати 2 348 614 сўмни ташкил этган фуқаро не кўз билан кўрингки, шикоятчилар орасида ўтирибди. Бу холни кўрган маҳалла раисимизнинг хайратли ҳолатини таърифлаш мушкул “Опа, сиз... опажон, сиз нега бу ердасиз, ахир сиздан куни кеча хабар олинди-ку?!”, деди раис. “Билмадим, ҳамма чиққанига мен ҳам чиқай дедим-да”, деб жавоб берди. 

Раис: — Келинг нима муаммо? 
Онахон: — Мен 2 ой аввал кредитга кир ювиш машинасини сотиб олган эдим. Шунга ҳозир кредит пулини тўлаш учун маблағим йўқ. Нима қилишга ҳам хайронман. 

Маҳалла раисининг “куни кеча сизга маблағ берилди-ку?!” деган саволига аёл “а-а-а, уми? У “ ЭҲСОН-КУ!” дея қисқа жавоб қайтарди. Туришидан туппа-тузук аёл. Тошкентга келганидан бери яна 8 йилдирки, умумий ётоқхонада яшайди. Кичик қизи 2-гуруҳ ногирони, доимий хабар олиб турилади. Баъзи маълумотларга қараганда, катта қизи Туркия давлатига турмушга чиқиб кетган. Хонадонида Wi-Fi ўрнатилган. Яъни, аёл у даражада қолоқ ва уқувсиз эмас, демоқчиманки, янгиликлардан доимий хабардор. 

Юқорида каби ҳолатлар шу қадар кўпки, буларнинг барчасини жамлаб, боқимандалик авжига чиққанлигини яққол кўришимиз мумкин. Маҳалла идорасида иш бошлаганимга кўп бўлгани йўқ. Беш йил. Лекин шу давр мобайнида ҳар хил оилаларни, турфа тақдирларни кўрдим. Ҳатто, бу ерда ишлаш бироз хатарли деб айтсам ҳам муболаға бўлмайди. Чунки, фуқаролар маҳалла идорасига яхши яшаётгани учун эмас, муаммоси борлиги учун ҳар хил масалаларда, соғ ёки носоғ ҳолатда келишади. Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, ҳақиқий ночор оилалар камдан-кам шикоят қиладилар. Уларда орият кучли. Шундай оилаларга уларнинг дилини оғритмай, моддий кўмак кўрсатиш жуда нозик масала. 

Ёлғиз она мақоми ҳақида бироз тўхталсам

Ҳужжатларда қайд этилишича, ёлғиз она мақоми иккинчи жаҳон уруши йилларида кенг тарқалган ва ижтимоий қатлам соҳасида бу мақомни белгилаш мажбурий бўлган. Уруш йилларида ҳомиладор аёлнинг турмуш ўртоғи то кўзи ёригунча вафот этса (никоҳдан ўтмаган ҳолда, чунки ўша йилларда ноқонуний никоҳга катта муаммо сифатида қаралмаган), аёлнинг фарзанди туғилгач, унга “Ёлғиз она” мақоми берилган.

Ҳозирги кунда жуда кўплаб аёллар ёлғиз она мақомидан (Ф-16) фойдаланишмоқда. Аммо ёлғиз она мақомига кимлар эга бўлиши керак? Турмуш ўртоғи вафот этган аёллар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз қолса, боқувчисини йўқотганлик нафақасини олади. Ўз номусини орини ва оиласини ёлғиз ўзи бошқариб болаларини вояга етказган аёлга жамиятнинг ҳурмати чексиз ва ҳукумат ҳам бу қатламга жуда катта имтиёзлар тақдим этган.

Муаммо нимада? Муаммо шуки, энг аввало бу мақомни пайдо бўлиш тарихи қанчалар улуғворки, бугун кимлар бу мақомга эришган деган саволга жавоб даркор. Ўта батафсил ва очиқ таърифларим учун кечирасизлар-у, айтмасам бўлмайди: ҳар фоҳишанинг 3 дан 2 таси ёлғиз она мақомида ўтирибди. Уларга бу мақомни раво кўрган идора ва ташкилотлар масаласи бу алоҳида мавзу. Лекин бир савол туғилади: бу қанчалик ўринли!?

Турмушсиз ёки турмушидан ажралган аёлларнинг “қариганимда боқади” деб дуч келган кишидан фарзанд орттиришлари, камига фарзандининг кўзи олдида номаъқул ҳаётини давом эттириши қанчалик тўғри ё нотўғри?! Чунки, аксарият аёллар ўртасида қонуний никоҳсиз фарзанд кўриш ҳоллари кўпайди. Фарзандини ФҲДЁ бўлимларидан Ф-16 шакл ҳужжати билан яъни ёлғиз она мақомида расмийлаштирадилар. Айтиш мумкинки, бу мақом енгил-елпи ҳаёт тарзини танлаган аёллар ўртасида "ТРЕНД" бўлиб қолди. 

Ёки бошқа бир ҳолатни мисол келтирсам: меҳрибонлик уйи тарбияланувчи қизи турмушга чиқмасидан аввал ҳомиладор бўлиб қолса, белгиланган муддатидан олдин уй-жой билан таъминланади. Ва, албатта, у қонуний равишда “ёлғиз она” мақомини олади. Ўз уй-жойига эга бўлгач,  бу аёл ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг бир бўлаги сифатида маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг васийлигига ўтади. Қарабсизки, кун келиб, у “ўз ҳақ-ҳуқуқини жуда яхши билган, керакли идораларга арзи-дод қилиш”га қодир, (кечирасиз) шаллақи бир аёлга айланади.

Тўғри ўз ори ва номусини асраб, ҳалол ризқ билан фарзандини ёлғиз вояга етказаётган аёллар ҳам бор, аммо... Улар бармоқ билан санагулик. Улар бу танқиддан мустасно.

Мана, маҳалла фуқаролар йиғини идораси олиб бораётган ишларнинг мингдан бирини сизларга таъриф этдим. Албатта, бу гапларим кимларгадир ёқар, кимларгадир, аксинча. Мен кимгадир ёқиш ё ёқмаслик учун, кимларнингдир тушунишини истаганим учун эмас, арзи-дод қилишдан аввал ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни ўрганишдан ташқари, тегишли идораларнинг ваколатларини ҳам билиб олинг, деб ушбу мақолани ёздим. Бу муаммолар ҳар бир маҳалла идорасида бор, бўлган ва то жамиятимиз, сиёсатимиз, иқтисодиётимиз ўзаро мутаносиблик йўлини танламас экан, бу муаммолар ҳамиша бўлаверади. 

Тўғри, маҳалла идоралари, ҳокимият ходимларининг қинғир ва ноқонуний ишлари ҳам талайгина муаммоларни келтириб чиқармоқда. Лекин шуни унутмангки, беш қўл (бармоқ) баравар эмас.

Зиёдахон Иргашева,
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани
Олим Хўжаев маҳалла фуқаролар йиғини
юрист-маслаҳатчиси.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

725

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг