Туркманистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун ариза берди
Олам
−
16 Май 2020
7531Туркманистон Жаҳон Савдо Ташкилотига кузатувчи сифатида қатнашиш учун мурожаат қилди. Тегишли фармонни мамлакат Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов имзолаган. Бу ҳақда Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг қайд этишича, ҳукуматнинг навбатдаги йиғилишида Президент Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кузатувчи сифатида қўшилиши тўғрисида“ фармонни имзолаган. Шундай қилиб, давлат раҳбари махсус ҳукумат комиссиясининг Туркманистоннинг ЖСТга аъзолиги тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Туркманистон томони ЖСТ бош директори Роберт Азевед номидан ташкилотга кузатувчи сифатида кириш учун ариза юборди.
“ЖСТга аъзо бўлиш тартибига биноан Туркманистонни ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилиш масаласи яқин кунларда бўлиб ўтадиган ЖСТ бош кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади“, дейилади Туркманистон ТИВ хабарида.
Биринчи марта Туркманистоннинг ЖСТга кириш масаласи бундан 9 йил олдин Европа Комиссиясининг ўша пайтдаги раҳбари Жозе-Мануел Баррозо томонидан кўтарилган эди. 2011 йилда Ашхободга ташрифи чоғида у Гурбангули Бердимуҳамедовни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза беришини таклиф қилган.
LiveБарчаси