Сирдарёда “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент университети очилади

Жамият

image

Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида Малайзиянинг “Binary” университети билан ҳамкорликда  Ўзбекистон халқаро “Binary” тадбиркорлик ва менежмент университети ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилоятида “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

•    иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжни ҳамда амалга оширилаётган мақсадли ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

•    хорижий мутахассисларни, шунингдек хорижда фаолият юритаётган ватандоршларимизни жалб этган ҳолда тадбиркорлик соҳасида фаолият юритувчи етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муасасалари билан кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро малака алмашинувини йўлга қўйиш;

•    республика ҳудудларида, хусусан Сирдарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мавжуд тизимли муаммоларни фундаментал илмий-тадқиқотлар асосида ўрганиш ва тегишли ечимлар ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятларини ўрганган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида янги тадбиркорлик йўналишларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Университетнинг умумий фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади.

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади.

Университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри жойлашган Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан Университетга берилади. 

Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган биноларда ўқишни давом эттиради.

Университетга ўқитувчилик қилиш ва илмий иш олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ҳамда транспорт харажатларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича, тузиладиган шартномалар асосида ҳақ тўлашга рухсат берилади. 

2022 йилнинг 1 июлигача:

•    Университет — барча турдаги солиқларни тўлашдан ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

•    Университетнинг жалб этиладиган хорижлик ходимлари — ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлашдан;

•    Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш мақсадида ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси ва ташкилий техникалар, ўқитишнинг техник воситалари, адабиёт, мультимедиа маҳсулоти, инвентар ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан Университет талабалари, хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Университет буюртмаларига биноан талабалари, малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган) мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминлайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Binary университети

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг